18 +  RSS  E-mail
9:13, 20 04 2020

Аҳоли ва тадбиркорлар давлат муҳофазасида


Ҳа, кўп нарсани ўзгартириб юборди бу вирус. Одатий ҳаёт тарзимизга нисбатан йўқотишлар катта. Кун тартиби ўзгариб кетди. Фаоллик камайди.

Ҳаммада ҳам эмас албатта. Мардонавор тарзда қийин кунларда кечаю кундуз ўз бурчини бажараётганлар борасида эмас бу гаплар.

Яна нималар ўзгарди? Борди-келди, меҳмондорчилик, маросим  ва тўйлар, ошна-оғайнилар билан йиғилиш, чойхона, гап, қизғин давралар. Оила аъзолари билан сайр қилиш, вақтни завқли ўтказиш имкони йўқ ҳозир. Баъзи тадбиркорлар катта моддий зарар кўрди. Кўпчиликнинг маиший ёки турмуш режалари бузилди. Бутун дунё худди шундай жараённи бошдан кечираётган бир пайтда давлат томонидан аҳолини қўллаб-қувватлаши ва ҳар томонлама мадад бўлиши, синовли кунларда халққа ёрдам қўлини чўзаётган мутассадилар-у, ҳаётини хавфга қўйиб, фидокорона меҳнат қилаётган шахслар учун улардан қанча миннатдор бўлсак кам.

Шундай даврда юқорида таъкидланган ишларга замин бўлаётган давлатимиз томонидан юритилаётган сиёсат, олиб борилаётган ишларни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир.

Хусусан, коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорларни муҳофаза қилишга қаратилган бир қанча қарор, фармон ҳамда давлат дастурлари қабул қилиниб амалда фуқароларни бундай синовли кунларда қўллаб-қувватлаш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, 2020 йил 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармонда аҳолини муҳофаза қилувчи қуйидаги нормалар ўз аксини топди:

— жорий йилнинг март-июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа  ва моддий ёрдамлар тўлаш уларни тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга (бироқ бола тегишлича 2 ёшга ва 14 ёшга тўлгунидан кўп бўлмаган муддатда) танаффуссиз давом эттириши;

— ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлашни узайтириш билан боғлиқ харажатлар инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланаши;

— ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхати карантин тадбирлари амал қилиши даврида бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши совунлар жамланмаси билан тўлдирилиш.

Шунингдек, Фармонда тадбиркорлик субъектларини муҳофаза қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар амалда бўладиган қуйидаги нормалар ўз аксини топди:

— туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар, “Uzbekistan Airways” АЖ ва унинг таркибий бўлинмалари, “Uzbekistan Airports” АЖ ва “Ўзаэронавигация маркази” ДУК юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади;

— товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш  ва тўлаш ҳуқуқига эга;

— фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилди;

— карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди, бунда фаолиятни тўхтатганлик тўғрисида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органлари хабардор қилинади ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳномани топшириш талаб этилмайди.

— ўз фаолиятини тўхтатган ва (ёки) товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ органларини хабардор қилган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар қуйидаги солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди;

— маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича — уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан, ижтимоий солиқ бўйича уни кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш тўғрисидаги мажбурий талаб 30 фоизгача пасайтирилди;

— тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириш тақдим этиш;

— амалга киритилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлламаслик;

— карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилиши;

— тижорат банклари томонидан кредитлар бўйича ҳисобланган ва кечиктирилган фоизлар суммаси кечиктириш тақдим этилган даврда фойда солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди.

Фармонда кўрсатиб ўтилган барча имтиёзлар аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига ушбу даврдан эсон-омон ўтиб олиш учун давлат томонидан берилаётган ёрдамнинг яққол исботидир.

Бу курашда тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз  муҳим аҳамият касб этади. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт.

Хулоса ўрнида айтишимиз жоизки, Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди, яратганнинг ўзи халқимизни ва бутун инсониятни бу офатдан тезроқ озод қилсин, барчамизни ўз паноҳида асрасин.

Оллаберган ЮСУПОВ,

Урганч шаҳар адлия бўлими бошлиғи.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.