18 +  RSS  E-mail
15:14, 18 04 2020

Мингбулоқ 68 ёшда


Ушбу қутлуғ сана муносабати билан туманимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийларини, фидокорона ишлаётган барча соҳалар жамоаларини, қолаверса, бутун мингбулоқликларни қизғин муборакбод этаман.

Туманимиз ҳудуди ўтмишда қумтепа, кўл ва ботқоқликлардан иборат бўлиб, оралиқларда жуда оз миқдорда турли экинлар экилган.

Гуртепа қишлоғи энг қадимий аҳоли пункти бўлган. У Наманган — Фарғона, Қўқон — Андижон магистрал йўллари устида жойлашгани боис Афғонистон, Хитой, Ҳиндистон каби давлатлардан ўтиб келувчи карвонларга қўноқ вазифасини ўтаган. Бу ҳудудни Қўқон хонлиги Наманган беклиги, охирги пайтларда қўрғони Момохон қишлоғида жойлашган Тошбой мингбоши, Баланд Гуртепа марказида мингбоши Абдусалим амин, Хумор амин, Файзи аминлар орқали бошқарган.

Республика раҳбарияти 1946 йилда Марказий Фарғонанинг ана шу чўл минтақасида Задарё каналини реконструкция қилиш, бош иншоот қуриш, янги ерлар ўзлаштириш билан шуғулланувчи 1-қурилиш-монтаж бошқармасини ташкил этади.

Қишлоқ шаҳарча қиёфасини олиб, аҳолининг турмуш маданияти оша бошлайди. Бошқарма муваффақиятли фаолият юритиши чўлда янги туман барпо этиш учун моддий ва маънавий асос яратади. Чўлни оммавий равишда кенг миқёсда ўзлаштириш ишлари кучайтириб юборилади.

1952 йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми маркази “Гулбоғ” совхози бўлган Задарё районини тузиш ҳақидаги илтимосини қондирди. Шу йили 29 майда эса туманнинг маъмурий маркази Жомашўй қишлоғига кўчирилган. 1994 йил 23 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг қарори билан туманнинг номи Мингбулоқ деб ўзгартирилган.

Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли туманимиз боғу бўстонга айланди. Айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурлари асосида кейинги йилларда мисли кўрилмаган даражада ўзгарди. Ҳамма тармоқларда юксак натижаларга эришилмоқда.

Мингбулоқни вилоятдаги энг намунали туманга айлантириш бўйича бошланган ташаббус асосида барча жабҳаларда астойдил меҳнат қилинмоқда.

Қосимжон АКБАРОВ,

“Мингбулоқ” газетаси муҳаррири.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.