18 +  RSS  E-mail
9:40, 13 03 2020

Стартап лойиҳаларни ривожлантириш учун 345 минг евро кредит ажратилди


Бу пилот лойиҳа Жиззах вилоятида бошланган.

Юртимизда, айниқса, чекка ҳудудларда start-up лойиҳаларни ривожлантириш, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли ўртасида камбағалликни бартараф этиш масаласига алоҳида аҳамият қаратилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўтган йили Германия Федерациясида бўлиб ўтган халқаро амалий семинарларда жамғарма кассалари фонди ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритаётган Агробанк, Микрокредит банки ва Халқ банки ўртасида келишув имзоланган эди.

Маълумотларга кўра, бугун мана шу келишувнинг амалий натижаси сифатида Германиянинг Жамғарма кассалари фонди ушбу уч банк билан биргаликда “Айланма Кредит фонди”ни шакллантирди. Бунга пойдевор Германия ҳукуматининг кўмаги билан қўйилди. Учта банкнинг ҳар бири ўз маблағлари ҳисобидан капитални кўпайтиради ва қиймати 115 минг еврога тенг кредит фондини яратади. Ҳар учала банкнинг ихтиёрида кредитлар учун жами 345 минг евро миқдорида маблағ мавжуд бўлиб, кредитлар Ўзбекистон миллий валютасида, яъни сўмда берилади. Ушбу янги модель сўм билан қиймати максимум 4 минг евро эквивалентида кредит беришни назарда тутади. Бунинг учун учта банк ҳам 16 фоиз билан ҳисоб-китоб қиладилар.

Ушбу янги кредит фондларидан бериладиган маблағларни фақат қишлоқ хўжалиги соҳасидаги стартап ва инвестициялар учун Ўзбекистон ёш фермерлари Кенгаши ўқув дастурида иштирок этган ёшлар олишлари мумкин.

Тадбирда айтилишича, ўқув дастурининг фаолияти Тошкент ва Жиззах вилоятларида пилот ҳудудлар сифатида аллақачон бошланган. Бунинг учун Германиялик ҳамкорлар томонидан 22 нафар Ўзбекистонлик тренерлар мультипликаторлар сифатида ўқитилди. Бу тренер ўқувлари яна давом эттирилади ва келгусида дастур босқичма — босқич мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олиш имконига эга бўлади. 

“Халқ сўзи”


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.