18 +  RSS  E-mail
13:09, 13 01 2020

Фарғонада йирик цемент заводи ишга тушди


Фарғона вилояти Бешариқ туманида цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Farg’ona Yasin qurilish mollari” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг биринчи босқич лойиҳаси ишга туширилди.

Мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида ҳудудий лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш ва ижросини таъминлаш борасида ишлар самарасида энг чекка ҳудудларда ҳам янги корхоналар ташкил этиляпти. Асосийси, хорижлик инвесторлар ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш билдирмоқда. Мазкур йирик цемент заводи қурилиши инвестицион лойиҳаси ҳам ана шулардан биридир. Қўшма корхона “Great Amirxan oil” масъулияти чекланган жамияти ва Хитойнинг “Shanxi Xiangsheng” компанияси томонидан бунёд этилди.

Қўшма корхонанинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев сўзга чиқиб, Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлик муносабатлари кенг кўлам касб этиб, ҳудудлараро алоқалар йўлга қўйилаётганлигини таъкидлади. “Shanxi Xiangsheng” компаниясининг мазкур лойиҳаси ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Цемент ишлаб чиқариш линияси тантанали ишга туширилди.

— Бир ярим йил ичида бу ерда хитойлик инвесторларимиз билан биргаликда кенг кўламли ишлар бажарилди, — дейди “Farg’ona Yasin qurilish mollari” қўшма корхонаси директори ўринбосари Эркинжон Маҳмудов. — Замонавий технологиялар ишлаб чиқаришга жорий этилиб, лойиҳанинг биринчи босқичи ишга тушди. Бу ерда бир кунда 2,5 минг  тонна сифатли цемент ишлаб чиқариш имкони бор. Бугун ишга туширилган йирик цемент заводи нафақат вилоят, балки, мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутишиши шубҳасиз. Лойиҳанинг биринчи босқичида 113 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 300 нафар ёшлар иш билан таъминланди.

Ушбу инвестицион лойиҳани амалга ошириш учун айнан мазкур ҳудуд танлангани бежизга эмас. Бу ерда улкан хом ашё захирасига эга цемент, оҳактош ва тупроқ (глина) конлари мавжуд. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион долларни ташкил этиб, корхонада йилига 2 миллион тонна сифатли цемент ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга тушгач, 700 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланади.

Корхонада ишлаб чиқариладиган юқори сифатли цемент маҳсулотлари нафақат ички бозорда сотилади, балки, унинг маълум қисми экспорт қилиниши кўзда тутилмоқда.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

М. Қодиров сурат муаллифи.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.