18 +  RSS  E-mail
14:27, 28 11 2019

Бухоро туманида наъматак етиштириш ва унинг ҳосилини қайта ишлаш комплекси ишга тушади


Қоракўл тумани, “Хўжалар” МФЙ да “Guriplik tekstil” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси негизида пахта толасини йигириш, акрил толасидан калава ип, қолаверса, бирламчи ярим тайёр мато ишлаб чиқариш лойиҳаси яқин бир йилда амалга оширилади. Шундай ташаббус билан чиққан қардош давлат ҳамкорлари корхонани 2021 йил учинчи чорагида тўлиқ ишга тушириш учун 5 миллион АҚШ доллари қийматида инвестиция киритиш тараддудидалар. Енгил саноат корхонасида фаолияти йўлга қўйиладиган ип калава ишлаб чиқариш, тўқув ҳамда тикув, бўяш ва саранжомлаш цехларида маҳаллий аҳолининг 150 нафари иш билан таъминланиши кутилмоқда. Айни кунда эса вилоят мутасаддилари томонидан истиқболли деб топилган мазкур лойиҳа учун ҳудудда 4,7 гектар ер майдонини ажратиш ва бошқа ташкилий жиҳатлар кўриб чиқилмоқда.

Бухоро тумани “Сўфикоргар” МФЙда пахта ва ғаллачилик соҳасида қатор муваффақиятларга эришиб келаётган “Шуҳрат” фермер хўжалиги ўзига хос ташаббус, яъни наъматак етиштириш ва унинг ҳосилини қайта ишлаш ташаббуси  билан чиқди.

-Ўрганишларимизга биноан бир мавсумда 18 гектарда наъматак ҳосилини етиштирганда, йилига 400 тоннагача хом ашёни қайта ишлаш, 30 кишини иш билан таъминлаш имкони туғилади, — дейди ёш тадбиркор Ғолиб Раҳматов. — Лойиҳамиз “Асакабанк” вилоят филиали томонидан қўллаб-қувватланса, уни амалга ошириш учун шахсий жамғармамиз ҳисобидан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ тикишга тайёрмиз.

Туркия давлатининг яна бир “MMM ERBA MAKINA SAN.VETIC A.S” компанияси сармоядорлари билан ҳамкорликда Когон шаҳридаги “Кончи” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона негизида қурилиш объектлари учун қуруқ аралашмалар — штукатурка, сувоқ хом ашёси ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин. Бир йил истиқболида қуриб фойдаланишга топшириладиган корхона йилига 120 минг тонна ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш имконига эга бўлади. Ишлаб чиқариладиган товарнинг 25 фоизини чет элга экспорт қилиш мумкин. Маҳаллий ёшлардан 25 киши иш билан таъминланадиган корхона ташаббускорлари лойиҳага 2 миллиард 85 миллион сўм шахсий жамғарма маблағини тикишга, “Саноатқурилишбанк” вилоят филиали эса уни моддий қўллаб-қувватлашга тайёр. Айни пайтда бу лойиҳа мутасаддилар томонидан батафсил ўрганилмоқда.

Умуман, навбатдаги “Инвесторлар куни”да 206 млрд 109 млн сўмлик ўн саккизта лойиҳанинг тақдимоти ўтказилди. Ушбу лойиҳалар ишга тушиши асносида 650 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган вилоят ҳокими Ўктам Барноев жойларда халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларига эътибор қаратиш, қўшимча тармоқлар орқали асаларичилик, паррандачилик, балиқчилик соҳаларини ривожлантириш, сутни қайта ишлаш корхоналарини кўпайтириш, шунинг баробарида чет элдан олиб кирилаётган импорт маҳсулот ўрнини босувчи харидорбоп товарлар ишлаб чиқариш масалаларига алоҳида тўхталди. Бевосита тадбиркор-сармоядорлар билан ҳамкорлик қилишда шаҳар-туманлар ҳокимликлари масъулиятини ошириш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати 


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.