18 +  RSS  E-mail
10:31, 14 11 2019

Қарздорларнинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклашга истиснолар киритилди


“Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатини ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатини узрсиз сабабларга кўра, ижро этмаган қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Унга кўра, қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш ижро ҳужжати қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра, ижро этилмаганда қўлланилади.

Қуйидаги ҳолларда қарздорнинг четга чиқиши чекланмайди:

— қарз миқдори БҲМнинг 5 бараваридан (1115000 сўмдан) ошмаса (аввал бу миқдор 446000 ни ташкил этган), алимент ёки бошқа даврий тўловларни ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бундан мустасно;

— суд қарорини ижро этиш учун етарли мол-мулк олиб қўйилган бўлса;

— қарздор юридик шахс бўлганда.

Қарздорнинг четга чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида ундирувчи (унинг вакили) ариза билан МИБга мурожаат этиши мумкин.

Аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича қарор чиқарилади ёки ариза рад этилади.

Чеклов қўйилганлиги ва олиб ташланганлиги ҳақидаги маълумот идоралараро ҳамкорлик тизими орқали ички ишлар органлари ва Чегара қўшинларига юборилади.

Қарздорнинг четга чиқиши вақтинча чекланганлиги ёки олиб ташланганлиги ҳақида унга ёзма (электрон почта) ва телефон (мобил алоқа) орқали СМС юборилади.

Қуйидаги ҳолларда чеклов тўхтатиб турилади ва қарздорнинг четга чиқишига рухсат берилади:

— Ўзбекистондан ташқарида касалхонага ётқизишни талаб қиладиган ҳолларда;

— Ўзбекистондан чиқиб кетувчи делегация таркибига киритилганда.

Чегара ҳудудларда четга чиқиши вақтинча чекланган қарздор аниқланганда унга бу ҳақда тўлиқ маълумот берилади ва www.mib.uz сайти орқали маълумот олиши мумкинлиги тушунтирилади.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.