18 +  RSS  E-mail
8:37, 08 11 2019

Навбатдаги “Инвесторлар куни”да қарийб 300 миллиард сўмлик 16 та лойиҳа кўриб чиқилди


Шодоп Шопур — Афғонистон Республикаси фуқароси, тадбиркор, инвестор. У мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари ва хорижий сармоядорларга берилаётган эътибор ва имтиёзлардан яхши хабардор. Шу боисдан ўтказилган навбатдаги “Инвесторлар куни” муносабати билан Шодоп Шопур вилоят  ҳокими Ўктам Барноевга Жондор туманида амалга оширмоқчи бўлган йирик бизнес лойиҳасини тақдим этди. 

Афғон сармоядори асос солаётган “ATU Buxara” қўшма корхонаси аҳоли учун хўжалик моллари — турли ўлчам ва кўринишдаги пўлат қозонлар,

электрокабеллар ва автомашиналар учун металл дисклар ишлаб чиқариш ташаббусини илгари сурган.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион АҚШ доллари бўлиб, сармоя тўлалигича афғонистонлик инвестор томонидан қопланади. Корхона маҳсулот ишлаб чиқаришни бошласа, унинг хорижга амалга оширадиган йиллик маҳсулот айирбошлаш ҳажми 400 минг АҚШ долларидан ошиши кутилмоқда. Асосийси, ички ва ташқи бозордан муносиб ўрин эгаллашни кўзлаётган тадбиркорлар биринчи босқичда 20 кишини доимий иш билан таъминлайди.

Бизнес лойиҳаси тақдимотида Шодоп Шопур вилоятимизга 750 минг АҚШ долларига баҳоланган махсус технологияни олиб киришда божхона қонунчилигида белгиланган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиш учун амалий ёрдам сўради ва мутасаддилардан ижобий жавоб олди.

Шу кунгача тижорат ишлари билан шуғулланиб, яхши натижаларга эришиб келаётган Феруз Зарипов ўзи истиқомат қилаётган Бухоро тумани Чортоқ қишоғида 60 ўринли замонавий меҳмонхона ҳамда 200 ўринли шинам ресторан қуриб, фойдаланишга топшириш тараддудида. Бунинг учун у ўзи ишлаб чиққан лойиҳага 2 миллиард сўм шахсий, келишувга эришган акционерлик тижорат “Қишлоққурилишбанки”нинг 2,5 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағини тикишга қарор қилган. Келгуси йил сентябридан хизмат кўрсатишни бошлаши мумкин бўлган лойиҳа туфайли тадбиркор томони 30 кишини муқим иш билан таъминлашни ўз зиммасига олди.

Умуман, ҳафтанинг ҳар чоршанбаси вилоят ҳокимлигида “Инвесторлар куни” муносабати билан ўтказилаётган тақдимотлар туфайли ўз бизнес режаларини амалга оширмоқчи бўлган тадбиркорлик субъектлари сони ортиб бораётгани қувонарли, албатта.

Вилоят мутасаддилари, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг соҳага тегишли ўринбосарлари, вилоятимиздаги қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари раҳбарлари иштирокида 16 та умумий қиймати қарийб 300 миллиард сўмлик истиқболли лойиҳа кўриб чиқилди. Эътиборлиси, яқин бир йил ичида амалга оширилиши кутилаётган бизнес режалари туфайли жойларда 700 дан ортиқ кишини иш билан банд этиш имкони яратилади.

Тақдимот жараёнида ҳар бир лойиҳа билан яқиндан танишган вилоят ҳокими мутасаддиларга ташаббускор тадбиркорлар оғирини енгил қилиш, тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги лойиҳаларни амалиётга жорий этиш туфайли жойларда ҳудуд инфратузилмасини тубдан янгилаш, ишсизлик муаммосини бартараф этиш билан боғлиқ қатор тавсия ва кўрсатмаларини берди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати    


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.