18 +  RSS  E-mail
10:49, 07 11 2019

“Мароқанд обод” ДУК 80 та янги техникалар билан таъминланди


“Кўк сарой” майдонида “МАРОҚАНД ОБОД” ДУК томонидан Самарқанд шаҳридаги маҳаллалардан қаттиқ ва маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш мақсадида харид қилинган янги техникалар тақдимоти ўтказилди.

Тақдимотда корхона томонидан харид қилинган HOWO ва DONGFENG русумли махсус чиқинди ташувчи автотранспортлар расман фойдаланишга йўналтирилди. Эндиликда шаҳримиз аҳолисига хизмат кўрсатувчи махсус автотранспорт воситалари 80 тага, яъни, 40 дона 7 кубли, 30 дона 13 кубли ва 10 дона 4 кублига кўпайди. Йил бошида корхона томонидан 10 дона ISUZU русумли махсус автотранспортлар харид қилинганлиги ҳақида ахборот берилган эди.

2018 йилда ташкил этилган мазкур корхонада 130 нафар ишчи-ходим фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунда ишчи-ходимлар сони 262 нафарга етган. Шунга мос равишда меҳнатга ҳақ тўлаш ҳам 2018 йилда 600-900 минг сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб ишчи-ходимларнинг ойлик иш ҳақлари 1,5 миллион сўмдан 4 миллион сўмгача етган.

Бугунги кунда корхона томонидан Самарқанд шаҳар ҳудудидаги 400 дан зиёд эски типдаги контейнерларни замонавий 4 ғилдиракли контейнерларга алмаштириш, ушбу контейнерларни ташки омиллардан ҳимоя қилиш мақсадида кичик уйчаларга жойлаштириш, туристик ҳудудларда ер ости қутиларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

“CLEAN CITY” электрон базаси асосида фаолият олиб бораётган мазкур корхона томонидан ҳозирги кунгача 210 та маҳалладан кунига 1 маротабадан чиқинди олиб кетилар эди. Эндиликда янги харид қилинган техникалар Самарқанд шаҳридаги барча маҳаллалардан кунига 2 маротаба чиқиндиларни олиб чиқиш имконини беради.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.