18 +  RSS  E-mail
10:57, 07 11 2019

Латифсобунгардан ўғирланган 43 бош қўй ўғриси Самарқандда ушланди


Оддий нина эмаски, ҳар бири нақ бўрдоқига боқиб семиртирилган 43 бош қўй бир кечада дом-дараксиз гумдон қилинса?! 2019 йил 31 октябрга ўтар кечаси содир қилинган бу фавқулодда воқеа нафақат “Латифсобунгар” маҳалла фуқаролар йиғини ёхуд Вобкент тумани, балки вилоятга шов-шув бўлди десак, муболаға эмас. Сабаби ўғриларни “иссиқ изи”дан излаб топиш, қўйларни ташишда фойдаланилган улов, жиноят қуроли сифатида юк автомашинасини суриштириш каби дастлабки ҳаракатлар қўшни туманларни ҳам қамраб олди. Жабрдийдага айланган латифсобунгарлик фуқаро У.Ҳ. томонидан “Ҳусенов Абдураҳим Жабборович” номли боғдорчилик фермер хўжалигидан умумий баҳоси 41 миллион сўмликдан зиёд чорва моллари ўғирлаб кетилгани ҳақида туман Ички ишлар бўлимига ташвиш хабари келиб тушган палладан тезкор қидирув гуруҳи ишга тушганди. Зудлик билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ниҳоят, “калаванинг учи” топилди. Қизиғи шундаки, жиноятни содир этган шахс Самарқанд вилояти, Нуробод туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган, якка тартибда ишловчи М.У. бўлиб чиқди.

Хўш, М.У.ни узоқ йўл босиб, келиб, кўзлаган ғараз мақсадини айнан Вобкентда амалга оширишига нима мажбур қилди, деган савол туғилиши табиий. Бу саволга дастлабки тергов, қолаверса, суд муҳокамаси ойдинлик киритиши аниқ. Ҳозирда М.У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 2-қисм “б ва г” бандларига мувофиқ жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.