18 +  RSS  E-mail
12:33, 05 11 2019

Муқобил ва тежамкор энергия манбалари савдо ярмаркаси


Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиалида энергия самарадорлигини ошириш ва муқобил энергия манбалари тақдимотига бағишланган савдо ярмаркаси бўлиб ўтди.

Инновацион ишланмалар ва минитехнологиялар намойиши республика Энергетика, Иқтисодиёт ва саноат вазирликлари, Электр энергетикада назорат инспекцияси ҳамкорлигида ташкил қилинди. Унда Бухоро ва Навоий вилоятларида мавзуга оид инновацион технологик ишланмалари билан шуғулланаётган илмий тадқиқотчилар, ташкилотчи идоралар мутасаддилари, савдо ва хизмат кўрсатиш билан машғул тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар.    

Тадбирнинг асосий мақсади иштирокчиларни Республикамиз Президентининг шу йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар, шунингдек, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг саноат корхоналарини энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаси билан таништиришдан иборат эди. Ёш иқтидор эгаларининг ўз устозлари билан биргаликда яратган илмий ишланмалари намойиши қаторида “Vesta”, “All solar”, “Grouparty”, “Industrival” каби савдо брендлари маҳсулотлари ҳам йиғилганлар қизиқишига сабаб бўлди. Ярмарка доирасида институт филиалининг ахборот-ресурс марказида ташкил этилган давра суҳбатида йиғилганларга атрофлича маълумот берилди. Унда тадбиркорлар, энергия тежовчи минитехнологияларга харидор бўлганлар ўзларини қизиқтирган қатор саволларга жавоб олдилар.  

— Таъкидлаш керак, савдо ярмаркасининг ўзига хос хусусияти, энергосамарадор ва қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ишлаб чиқарувчилар, республиканинг энергия нисбатан кўп талаб қилинадиган йирик тармоқларида қўлланилаётган инновацион янгиланишлар, ютуқларни намойиш этиш имконини беради, — дейди филиал директори Нусрат Муродов.

— Қолаверса, халқ хўжалигининг барча тармоқларида энергосамарадорликка эришиш, энергия сарфини камайтириш, муқобил қувват манбаларидан кенг фойдаланиш ҳар жиҳатдан афзал ва манфаатлидир.

Тадбирда энергия ресурсларидан фойдаланувчиларга зарур маълумотлар берилди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.