18 +  RSS  E-mail
10:24, 21 10 2019

Қонундаги туйнуклар


Юқори идоралар ва “давра”лардан хабардор қўшнимиз бор эди. Бир куни гаплашиб ўтирганимизда, “биздаги қонунлар унча-мунча мукаммал, амал қилинса, ривожланишга имкон берадиган даражада”, дегандим. Ёш эдим, идеалист эдим. Қўшнимиз кулди.

— Биласанми, бизда қонунлар қандай қабул қилинади? Айтиб берайми? Мана, депутатлар қонунни тасдиқлашади-а? Кейин қонунни ижро қилиши керак бўлган одамлар — вазирлик ва ҳокимият вакиллари саунада йиғилишади. Ким билан? Ўша қонун лойиҳасини ишлаб чиққан, ундаги моддаларни пухта билган депутатлар ёки экспертлар билан бирга! Дам олишади, бильярд ўйнашади, уёқ буёқ хуллас. Кейин бир чеккароқ хонага ўтиб, бир столга ўтириб, “хўш, акам, қонунни бизнинг фойдамизга ишлайдиган бўлиши учун айланиб ўтадиган жойларини тушунтириб юборинг энди”, дейишади. Қарабсанки, қонунни лойиҳасини тузаётганда нозик жойларида туйнуклар қолдириб кетган эксперт уларга қандай айланиб ўтилади, қандай ўз чўнтагига мослаштиради, ҳаммасини ўргатади. Одамлар “қонун бор, қонунлар халқ фойдасига ишлаши керак”, деб юраверади.

Ўшанда, “сал оширворди-ёв бу акамиз”, деб ўйлагандим. Кейин ТИВда ишлайдиган бир билимдон укахон билан гаплашгандаям “ака, биласизку, бизда атайлаб қонун-қарорларда “лазейка”лар қолдириб кетилади, истаган пайт ўзининг фойдасига буриб юбора олиши учун”, деганда, фикрим ўзгарганди.

Кейин муҳолифат оқсоқолларидан бири бўлган Толиб ака Ёқубовнинг мақолаларини ўқигандим. Унда жиноят кодексидаги битта моддага қўлланадиган жазо пунктлари мавҳум терминлар билан “суғорилганлиги” ва “жазо вилкаси” жуда кенг эканлиги таҳлил қилинганди. Масалан, биздаги Жиноят кодексида, битта жиноий модда учун ниҳоятда юмшоқ жазо қўллаш ҳам мумкин, ниҳоятда қаттиқ ҳукм чиқариб, жувонмарг қилиш ҳам мумкин. Толиб ака бу “феномен”ни Европалик ҳуқуқшуносларга кўрсатганларида, улар ҳайрон қолиб, “ахир бу коррупцияга очилган катта туйнукнинг ўзгинасику”, дейишган экан.

Хушнудбекни ўқисам, ҳуқуқшунослар бунақа туйнук қолдирувчиларни “лазейкашунослар” дейишаркан.

Бир нарса қизиқ. Мана, қонунчиликдаги чалкашликлар, номутаносибликлар, зиддиятли ҳужжатларни Адлия вазирлиги кузатиб, мониторинг қилиб, кросс-текширувдан ўтказиб боради. Бирор “лазейка” ёки зиддиятни аниқласа, зудлик билан тўғрилаб, мувофиқлашга талабномами, сўровномами юборади. Бизда ҳеч бўлмаса бунга амал қилинса эди, Адлия вазирлиги ходими хатога йўл қўйган, “лазейка” ясаган ҳуқуқшунос ёки амалдорга “ана, ишкалингни топиб олдим, энди тегишли органларга хабар бераман,  деб жазоларди.

Олдинку, қонунлар девордек ясалиб, уёқ буёғида туйнуклар қолдирилган экан. Ҳозир-чи? Девор бўйлаб одамдек-одамдек тешиклар ўпирилиб ётибди. Баъзи қонунлар, қарорлар, таърифлар очиқ-ойдин бир гуруҳ шахслар фойдасига қабул қилиняпти. Қарорлар кодексларга, нормативлар фармонларга телба-тескари бўлиб ётибди. Конституция-ку, йиғлаворган. 3-4 талаб судларда қайта-қайта тасдиқлаб чиқарилган ҳукмларга ижро вакиллари кўндаланг қўйиб қўйган. “Ўзимники ҳаммаси, қолганларга — қонун” бўлиб ётибди.

Нега жавраяпман? Сайланмоқчи бўлаётган, депутатликка, сенаторликка номзодларга айтмоқчиман:

“Аслида сизлар халқ вакиллари сифатида қонунлардаги, қарорлардаги “лазейка”ларга муросасиз бўлишингиз керак эди. “Лазейка”нинг ҳидини беш чақиримдан сезадиган детективдек бўлишингиз керак эди.

“Нега фалон кодексда манови модда мавҳум? Нега бу ерда коррупция ҳиди келаяпти? Нега мана бу моддага кўра давлат ходимини осонгина айб ўйлаб топиб, ишдан бўшатиб юбориш мумкин? Нега анови бандга кўра осонгина туҳмат қилиш имкони қолдириб кетилган? Нега бу тартибда тадбиркор дўконини ёки фуқаро уйини осонгина компенсациясиз буза олиш имкони қолдириб кетилган?” деб биронта субъектив дастак қолдирмаслигингиз керак эди. Сизлар бўлса Наташаларга плакат кўтартириб, чақириқ баннерлар илиб, мавсумий … уятга қолаяпсизлар. Етар энди! Қачонгача депутатлар қилиши керак бўлган ишни ҳаваскорлару блогерлар қилиб юради? Қачонгача Танзила Норбоева сизларни изза қилиши керак?

Оқибатлар билан эмас, сабаблар билан курашишниям ўрганайлик! Бошланишига ҳеч бўлмаганда бюрократ-у монополистлар иштаҳаси билан халқ чўнтаги орасида мувозанат сақлайдиган Олий Мажлис сиёсатини олиб боринглар, барака топгурлар! 2020 оғир йил бўлади, деса одамларнинг сабри 2020 та жойидан сўкилай деб турибди. Жиддийроқ бўлинглар, бўладиган гапларни кўтариб чиқинглар! “Лазейка”шуносларни панжара ортига ёполмасангиз, ҳеч бўлмаса қонучликдаги туйнукларнинг ўзини ёпинглар!”

Азамат АНДРЕЕВ

“Халқ минбари”дан


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.