18 +  RSS  E-mail
10:18, 15 10 2019

Устознинг ибратли ўгити


Бир куни доно ва олим шайх ўқувчиси билан дала бўйлаб кетаётса, йўлда эски оёқ кийимига дуч келишибди. Оёқ кийим эса камбағал бир деҳқонники бўлиб, бир чеккадаги дарахтнинг тагида ечиб қолдирган-у, ўзи эса далага ишлашга кириб кетган.

Шу пайт қизиққон ўқувчи шайхга дебди:

— Устоз, келинг шу оёқ кийимни яшириб, деҳқон билан бир ҳазиллашайлик. Келиб оёқ кийимини кияман деса, у йўқ. Қани, нима қилар экан, томоша қиламиз, нима дейсиз устоз?

Муҳтарам ва доно шайх жавоб берибди:

— Ўғлим, биз бировларнинг ғамига ҳурсанд бўлмаслигимиз даркор. Мана сен ўзига тўқ оиладансан. Сен ўзингга ва муҳтож инсонларга шод-ҳуррамлик етказа олишга қодирсан. Ҳозир бориб мана шу оёқ кийимнинг ичига пул солиб қўйгин-да, деҳқоннинг қай даражада таъсирланишини яшириниб, томоша қил!

Ўқувчига устозининг таклифи маъқул келибди. Сўнгра тезгина бориб, оёқ кийимининг ичига бир қанча пул солибди-да, ўзи устози билан деҳқоннинг хатти-ҳаракатини кузатиш учун, дарахтлар ортига яшириниб олибди…

Бир неча дақиқалардан сўнг деҳқон ишларини тугатиб, даладан қайтибди. Кейин оёқ кийимини киймоқчи бўлган экан, оёғига нимадур ботибди. Олиб қараса пул. Кейин иккинчи пойига қарабди. У ерда ҳам пул ётган эмиш.

Бечора деҳқон ҳайрон бўлибди. Кўзларига ҳеч ишонгиси келмасмиш.Тушимми бу ёки ўнгимми, деб пулни олди-орқасига қайта-қайта қарармиш. Ён-атрофига қараса, ҳеч ким йўқ.
Пулларни чўнтагига солиб, чўккалаб олибди. Ва осмонга йиғи билан қараб, баланд овоз билан Аллоҳга нидо қилибди:

— Эй Аллоҳим, Ўзингга беҳисоб шукр.
Завжамни бемор ётганини ва фарзандларим бир бурда нонга зор бўлиб, оч-наҳор ўтиришганини билдирганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин. Мени ва оиламни ҳалокатдан қутқариб қолдинг”.

Шундай дуолар қилиб, узоқ-узоқ осмонга қараб, Аллоҳнинг бебаҳо ҳадяси учун тинмай шукроналар айтибди..

Буларни кузатиб турган ўқувчи таъсирланиб, кўзлари ёшга тўлибди.

Муҳтарам ва олим шайх шундай дебди:

— Биринчи таклифингни амалга оширганингда эди, ҳозир мана шу бахтни хис қила олмас эдинг.

Ўқувчи:

— Устоз, раҳмат сизга. Бу мен учун таълим бўлди. То тирик эканман, бу таълимни мен ҳеч қачон унутмайман. Ҳаётимда бир нарсанинг маъносига ҳеч ҳам тушуниб етмас эдим. Мана энди англаб етдим устоз.

“Олгандан кўра тортиқ қилсанг, кўпроқ бахт саодатга эришар экансан”.

Абу МУСЛИМ

“Халқ минбари”дан.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.