18 +  RSS  E-mail
14:10, 11 10 2019

Ибратли…


Бундан беш олти йилча аввал “қўшни қишлоқдаги Ориф қассоб деган одам қазо қилибди” деган нохуш хабар бизнинг қишлоққа хам етиб келди. Дадамнинг айтишларича, раҳматли Ориф қассоб ўша қишлоқнинг обрўли одами бўлган экан.

Хабарни эшитиб, қассобни яқиндан таниган ёр-биродарлари жанозага отланишди.

Жанозадан сўнг, Ориф қассобнинг майитини қабристонга қўйиб келишди.

Эртасига эса, жудаям қўрқинчли хабар бутун туманга тарқалиб кетди:

— Кеча қабристонга қўйилган майитнинг жасади ер юзасига чиқиб қолган эмиш. Бундай қўрқинчли ва нохуш хабар яшин тезлигида ҳамма томонга тарқалиб кетди.

Кимдир “ит олиб чиқиб қўйгандир-да” деса, яна кимдир “бунда бир гап бор” деб мулохаза қилишди. Ориф қассобнинг ўғли жиянлари билан биргаликда ер юзасига чиқиб қолган дадасининг жасадини яна ўз жойига қўйиб келибди. Индинига эса яна қўрқинчли хабар болалади:

— Қассобнинг жасади яна ер юзасига чиқиб қолган эмиш.

Ушбу аянчли ҳолат икки-уч бор такрорланавергач, марҳумнинг ўғлига қишлоқнинг оқсоқоллари туман марказидаги масжид имомидан маслаҳат олишни таъкидлашибди.

Қассобнинг ўғли маҳалла фаоллари билан биргаликда имомнинг ҳузурига борибди ва бўлаётган нохуш ҳолатни айтиб, у кишидан маслаҳат сўрабди.

Шунда имом марҳумнинг ўғлига савол берибди:

— Дадангиз қандай одам эди?

— Яхши одам эдилар домла, — дебди ҳайрон бўлиб ўғил.

— Ҳаётликларида нима иш билан шуғулланган эдилар?

— Эсимни таниганимдан бери қассобчилик билан шуғулланар эдилар.

— Бирорта ножўя ҳаракатларини сезганмидингиз? — сўрабди яна имом.

Ўғил ерга қарабди, нима дейишини билмай каловланиб қолибди, бу ҳолатини кузатиб турган имом яна сўз қотибди:

— Айтинг жияним, айтмасангиз, дадангизни жасади қўним топмайди.

— Майлими ўзингизга айтсам? — секингина ёнига яқинлашиб изн сўрабди ўғил, атрофидаги одамлардан яширадиган сири борлигини сездириб.

— Бу воқеа аянчлидир, одамлар марҳумга нима сабабдан бундай бўлаётганликларини билиши керак, уларга ҳам бир ибрат бўлсин, очиқ-ойдин яширмай айтаверинг жияним, кўпчиликнинг дуоси билан марҳумнинг жасадини ўз жойига қўя оламиз, — дебди.

Ўғил бироз ўйланиб ўтириб, айтмасликнинг иложи йўқлигини пайқаб, сўз очибди:

— Дадамизнинг нафслари бироз устун эди, Аллоҳдан ҳайиқмасдилар, пул бирмунча кўзларини кўр қилиб қўйганди. У киши узоқ қишлоқлардан эшак харид қилиб, ўша ерни ўзида ҳеч ким билмайдиган пана жойда эшакни сўйиб, гўштни олиб келиб, мол гўштига аралаштириб одамларга сотар эдилар.

Ўтирганлар бирданига “Астағфируллоҳ” деб бақириб юборибди.
“Хайф сендек инсонга” дейишибди.

Имом ҳам кўзларини юмиб, инграб юборибди. Бир муддат жим туриб, ўтирганларни тинчлантирибди ва ўғилга шундай дебди:

— Жияним, дадангиз баднафс инсон бўлган эканлар, харом қилинган нарсани одамларга, қўни-қўшниларига инъом қилиб юрган экан, мана шу сабаб уни ер ўз бағрига қабул қилмаётган экан, афсус, афсус, — деб надоматлар чекибди.

— Энди ука, одамлар кўз ўнгида катта бир новвосни сўйиб қон чиқаринг ва одамларга текинга тарқатинг! Улардан дадангиз учун кечирим сўранг, гуноҳларини авф этишини сўраб дуо қилсинлар! Зора Аллоҳ дадангизни гуноҳларидан кечиб, жасадларини ҳузурига қабул қилсалар, — деб маслаҳат берибди.

Ўғил имомнинг айтганларини қилиб бўлгач, дадасининг жасадини яна қабрга қўйибди ва ана ўшандан сўнггина унинг жасади тинч бўлибди.

Иқбол ЮСУФ

“Умид кўчаси ёхуд янги ҳаёт!”дан.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.