18 +  RSS  E-mail
14:00, 11 10 2019

Бухоро вилоятида электр энергия соҳасига инновацион технологиялар жорий этилмоқда


Сўнгги йилларда юртимизда электр энергияси тизимини ривожлантиришга янада кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан соҳада амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида мавжуд муаммолар бартараф этилиб, ижобий ўзгаришларга эришилмоқда.

Президентимизнинг “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, Бухоро вилоятида узунлиги 260,3 км бўлган электр узатиш тармоқлари ва 190 та трансформатор пунктларида қурилиш ишлари олиб борилди. Шу билан бирга 29 та массивда 890 та янгиланган намунавий уй-жойларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 13,4 км узунликда электр тармоғи ва 24 та трансформатор пунктлари янгидан қурилиб ишга туширилди.

— Бундан ташқари, вилоятимиздаги 33 та қишлоқларда “Обод қишлоқ” дастури бўйича ҳозирги кунгача жами 196,4 км электр узатиш тармоқлари, 98 та трансформатор пунктларини янгидан қурилиб ишга туширилди. Худди шунингдек, “Обод маҳалла” дастури доирасида эса 6 та маҳаллаларда 32,6 км электр узатиш тармоклари, 6 та трансформатор пунктлари янгидан қурилиб, ишга туширилди. Ушбу дастурлар доирасида 26130 дан ортиқ хонадон, 117 та ижтимоий соҳа объектлари, 197 та тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси таъминоти сифати яхшиланди, -дейди Бухоро вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бош директори Баҳодир Ҳаётов.

— Қолаверса, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси билан ҳамкорликда вилоятда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ишлари ҳам босқичма-босқич режа асосида олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар Бухоро шаҳар, Ғиждувон, Когон, Пешку, Вобкент, Олот, Рометан, Қоракўл, Жондор, Шофиркон туманларида жами 282 мингдан ортиқ электр ҳисоблагич алмаштирилган бўлиб, шулардан 223 мингдан ортиғи “Биллинг маркази”га киритилди ва умумий ҳисобда 164 минг нафар истеъмолчиларнинг электр ҳисоблагичлари дастур орқали автоматик равишда бошқарилмоқда.

Ушбу тизим тўлиқ ишга туширилганидан сўнг, истеъмолчилар ва таъминотчи корхона учун бир қатор қулайлик ва афзалликлар яратилади, энг муҳими ишчи кучи, вақт ва сарф-ҳаражатлар камаяди.

Истеъмолчилар барча турдаги электрон тўлов тизими орқали (Payme, Click, MBank, Paynet ва ҳ.к.) тўловни амалга оширишлари мумкин. Электр энергияси таъминоти тез фурсатда қайта тикланади. Яна бир гап. Ушбу тизим қулайлик сифатида истеъмолчи қарздор бўлган тақдирда ҳам сутканинг 17:00 дан эрталабки 7:00 гача, қолаверса, шанба, якшанба ва байрам кунлари ҳам ўчирмайди. Истеъмолчилар фойдаланган электр энергияси миқдори, тўланган маблағ, сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб берилиши, аварияли ҳамда режали ўчиришлар тўғрисидаги маълумотларни қўл телефонларига юбориладиган СМС хабарномалар орқали билиб олиш каби имкониятларга ҳам эга бўладилар.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, корхона томонидан жорий йилда 14884,4 км 0,4-110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари, 4348 та трансформатор пунктлари, шунингдек, 5 та 35-110 кВ ли куч трансформаторларида мукаммал ҳамда жорий таъмирлаш ишлари тўлик якунланди.

Истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб бериш билан боғлиқ мурожаатларни ўз вақтида ҳал қилиш мақсадида корхонада тўрт хоналик ягона 1154 қисқа рақамли “Call-Марказ” ташкил қилинган бўлиб, жорий йилнинг 1 ноябрига қадар ишга тушириш режалаштирилган.

“Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ матбуот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.