18 +  RSS  E-mail
12:45, 08 10 2019

Қўқонда ҳунармандлар бозори қурилди


Қўқон шаҳрида Ҳунармандчилик фестивали арафасида жуда кўп объектлар қурилиб топширилди. Улар ичида йирикларидан бири Усмон Носир ва Навбаҳор кўчаларида жойлашган икки қаватли ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва савдо маркази биноларининг қурилишидир.

Ушбу савдо марказининг умумий ер майдони 5,5 га бўлиб, қурилиш эгаллаган майдони 2,1 га, фаввора, ҳовузлар майдони 1,8 га ва 0,4 га автотураргоҳдир. Бу ерда 3 та фаввора қурилиши ва 59 та икки қаватли ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва савдо маркази биноларининг қурилиши ниҳоясига етказилмоқда.

Қўқон шаҳар ҳокимининг қарори билан ушбу ҳудудда аввалдан мавжуд собиқ икки қаватли ҳарбий қисм бинолари реконструкция қилиниб,  уч қаватли савдо мажмуаси ва 50 ўринли меҳмонхона биносига айлантирилмоқда. Шунингдек, бу ерда савдо маркази ва кўргазмалар залини қуриш ҳам ниҳоясига етказилмоқда.

Ҳунармандлар бозори ҳудудини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш мақсадида йўлларга асфальтлар ва плиткалар ётқизилган. 3 та замонавий архитектуравий кўринишга эга бўлган фавворалар барпо этилиб, оқова канали, ичимлик суви ҳамда электр тизими билан таъминланган.

Ушбу иншоот қурилишида бош-қош бўлган вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят бош архитектори Баҳодир ака Хўжаматовдан қурилишнинг бориши ҳақида маълумот олдик:

— Ҳунармандлар савдо марказининг ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва савдо маркази, турар-жой бинолари қурилишида қадимий ҳунармандларнинг яшаш тарзи ва ишлаб чиқаришлари  намунаси асос қилиб олинди, — дейди мутахассис. — Қурилаётган ушбу марказнинг биринчи қаватида ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва савдо заллари, иккинчи қаватида эса уларнинг турар жой хоналари жойлашган ҳамда уларнинг қулай яшаш ва ишлаш муҳитини яратиш учун муҳандислик тармоқлари тортилган.

Ушбу ер майдонларида тадбиркор ҳунармандлар электрон аукцион орқали ер майдонларини сотиб олиб, қурилиш ишларини олиб бордилар. Улар ишлаб чиқарган маҳсулотларини ўз дўконларида сотишларидан ташқари, бир қисмини кўргазмалар учун тайёрлайдилар. 700 м/кв ер майдонида 2 қаватли кўргазмали савдо маркази қуриб битказилиш арафасида. Бозорга келувчи ҳунармандлар ва харидорлар автотранспортларининг хавфсиз сақланишини таъминлаш мақсадида кўпқаватли 300 ўринга мўлжалланган автотураргоҳ қурилиши ҳам ниҳоясига етказилмоқда.

Қўқон шаҳрининг анъанавий архитектура кўринишида ёғоч ўймакорлиги айвонлари ўрнатилиб, фасад қисмига ганч ўймакорлигида безаклар берилди.

Ушбу иншоот Қўқон шаҳрининг кўркига кўрк қўшиши билан биргаликда халқаро Ҳунармандлар фестивалига муносиб туҳфа бўлди. Ҳунармандлар бозори ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган фестивалда ва умуман туризм шаҳри, бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри бўлган Қўқонда қадимий анъаналарнинг бардавомлиги учун хизмат қилади.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.