18 +  RSS  E-mail
13:05, 07 10 2019

Туман раҳбарининг 1700 та шахсий объекти давлат даромадига мусодара қилинди


Москва вилояти Клин тумани администрациясига 22 йил давомида раҳбарлик қилган, кейин 3 йил депутат бўлган Александр Постригань “Шереметьево” аэропорти орқали чет элга қочиб кетаётганида ушланди.

Клин тумани судида прокуратура ноқонуний даромад орттирган туман раҳбарининг 1700 та объектини давлат даромадига мусодара қилишга эришди. 5 миллиард рубль нақд пул, 4 миллиард рубллик мулк, жами 9 миллиард рубль (139,5 миллион доллар)га баҳоланган.

Аниқланишича, бир қанча қишлоқлардаги юзлаб гектар ерлар тийинга сотиб олинган ва юқори даромадли дала ҳовлилар қуришга сотилган. Айёрона усуллар билан касалхоналар, болалар поликлиникаси, 2 та болалар боғчаси, кинотеатр, кема станцияси, шаҳар савдо маркази, , тарихий-маданият объектлари, бозор, ишлаб чиқариш мажмуалари, дам олиш базалари, уй-жой қуриш учун участкалар, ўрмон хўжалиги фонди ерлари, бир қанча кўчалардаги биринчи қаватлар туман раҳбари Александр Постригань ёки унинг қариндошлари номида эди. Ноқонуний қўлга киритилган барча мол-мулк мусодара қилинди.

Серпухов тумани раҳбари Александр Шестун эса 15 йил давомида 18 та қишлоқни ўз номига ўтказиб олганлиги аниқланган. Унга қарашли 771 та кўчмас мулк, жами 10 миллиард рубль борлиги маълум бўлди.

РФ Тергов бошқармаси вакили таъкилашича, шунча йил давомида туманга раҳбарлик қилган шахслар қандай қилиб давлат мулкини ўзлаштиришган, прокуратура қаёққа қараган?

Халқ назорати, мустақил оммавий ахборот воситалари ва ҳақиқий фуқаролик жамияти бўлмас экан, вақти-вақти билан бундай “оламшумул” жиноят ишларининг гувоҳи бўлиш мумкин.

Ушбу шахслардан олдин ИИВ ходими полковник Д.Захарченко (8,5 миллиард нақд рубль ва 14 та квартира), Федерал хавфсизлик хизмати ходими Черкалин (12 миллиард рубль, яъни 186 миллион доллар) билан қўлга тушганди. Шунингдек Сахалин вилояти губернатори А.Хорошавин, Коми Республикаси раҳбари В.Гайзер, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари А.Бажанов, Иқтисодий ривожланиш вазири А.Улюкаев ва бошқалар ҳам коррупция жинояти учун озодликдан маҳрум қилинган ва мол-мулклари давлат даромадига мусодара этилган.

Оддий қоровул ёки фаррошни арзимаган 100 доллар билан ушлаш ва буйруқ берган бошлиғи четда қолиб бажарувчини айблаш фақат ҳисобот учун номигагина коррупцияга қарши кураш эмасми?


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.