18 +  RSS  E-mail
13:03, 07 10 2019

Доимий токда ишлайдиган электродвигатель ихтирочисининг ишланмаси синовдан ўтказилмоқда


Тошкент вилояти, Чиноз туманида истиқомат қилувчи Жаҳонгир Маҳкамов сентябрь ойининг бошида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов томонидан қабул қилинганидан сўнг у яратган ишланмалар — доимий қувватга эга электродвигатель, қуруқ зарядли ва тез тикланувчи аккумулятор ва ток кучайтиргичи вазирлик томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди.

“Ўзбекэнерго” илмий-техник маркази лаборатория мудири, т.ф.д., проф. Тўлаган Камолов, И. Каримов номидаги ТДТУнинг “Электрик машиналар” кафедраси профессори, т.ф.д. Камолиддин Олимхўжаев ва кафедра мудири т.ф.д. Олимжон Тоиров, Тошкент Темир йўл муҳандислари институти кафедра мудири Усан Бердиев, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ конструкторлик бюроси мудири Шерзод Аҳмедов ва технологик бўлими мудири Сайфиддин Асамов, Инновацион ривожланиш вазирлиги бўлим бошлиғи Мирзиёд Мирсаитовдан иборат ишчи гуруҳ Чиноз туманига бориб, ихтирочи томонидан тақдим этилган ишланмаларни дастлабки кўрикдан ўтказдилар.

Бунда намойиш этилган ишланмалар амалда ишлаши кузатилди. Шу муносабат билан барча прототипларни комплекс равишда синовдан ўтказиш зарур, деган қарорга келинди.

Шу муносабат билан Турин Политехника университетида Жаҳонгир Маҳкамов иштирокида унинг ихтиролари синовдан ўтказилди. Синов натижасида Маҳкамовнинг ихтиро қилган қуруқ зарядли аккумулятори тез заряд олиши (3-4 дақиқа атрофида) ҳамда енгил вазнга эга бўлиб туриб (3,5 кг) қийинчиликсиз автомобильнинг двигателини қўзғата олгани ишчи гуруҳ ва Турин Политехника университети ходимларининг умумий қизиқишини уйғотди.

Шунингдек, Тошкент Темир йўл муҳандислари институти лаборатория стендида қуруқ зарядли аккумуляторни заряд олиш ва заряд тугаши вақти ўлчанди. Олинган натижаларга кўра, 8 та циклда аккумуляторнинг қувват олиш ва қувватсизланиш жараёнларининг барқарорлиги аниқланди. Ишчи гуруҳ томонидан каттароқ циклларда (5000 мартагача) синов ўтказиш лозимлигини ва прототипнинг кимёвий таркибини батафсил ўрганиш зарурлиги ҳақида хулоса чиқарилди.

Демак, синов ишлари давом этмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.