18 +  RSS  E-mail
13:24, 02 10 2019

Россияда пахтадан 50 центнердан ошириб ҳосил олинди ва импортдан бутунлай воз кечиш ҳаракатида. Бизда-чи?


Россия Федерациясининг Ставрополь ўлкасида Терский қишлоғи ҳувиллаб қолганди. Россиялик инвесторнинг ғояси маҳаллий ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланиб лойиҳанинг 80 фоизи миқдорида субсидия ажратилди. Мақсад Россияни пахта хом ашёси импортидан ҳалос қилишдир.

Миллий ва жаҳон тажрибаси ҳамда замонавий техникалар қўлланилиши натижасида гектаридан 50 центнердан зиёд пахта ҳосили йиғиштириб олинди. Энди бу қишлоқда пахта хом ашёсидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган фабрикалар қурилмоқда.

ҚАЧОН?!

Биз қачон тайёр маҳсулотлар импортидан воз кечамиз?!

Олтинни банкларда “ўлик” ҳолда сақламасдан, қачон олтин қуймаси ўрнига чиройли тақинчоқлар ишлаб чиқариб, бир неча баробар қимматига чет элларга валютага сотамиз?

Шунча пахта хом ашёси етиштирамиз-у, қачон етарли миқдорда тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқариб, халқимиз эҳтиёжини қондирамиз ва чет элга экспорт қилишни кўпайтирамиз?

Кунига қанчалаб қорамол сўямиз-у, терисини экспорт қилиш ўрнига қачон ўзимизга оёқ кийими ишлаб чиқариб, Хитойнинг 2-3 ойда “оғзи очиладиган” сифатсиз туфлиларидан воз кечамиз?

Хитой, Тайвань, Вьетнамдан арзон экран, плата ва бошқа эҳтиёт қисмларни олиб келиб, 5-6 та шурф билан бирлаштириб йиғамиз-у, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деб халқимизга қиммат нархда сотамиз. Қачон ўзимизда маиший техника маҳсулотларини тўлиқ ишлаб чиқарамиз?

Қачон мамлакатимизга валюта олиб келадиган ёки импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар, хизматлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга ўнлаб ҳужжатларсиз 1 фоизли кредит берамиз? Тез мослашувчан ва қисқа муддатда самара берадиган, мамлакатда асосий иш ўрни яратаётган кичик бизнес ҳақида қачон қайғурамиз?

ФАҚАТ БАНК МАНФААТИНИ ЎЙЛАШ-МИ?

34 фоизли кредитни асосан савдо ташкилотлари олиб, қайтаришга қодир, чунки сотиб олган маҳсулотига хоҳлаганча устама фоиз қўйиб сотиш имконияти мавжуд. Бозорда нарх-навони ошириш эса фақат савдо ташкилотига қулай ва инфляция юқори бўлишидан манфаатдорлик мавжуд.

Тегишли вазирликларнинг баъзи “ИҚТИСОДЧИ”лари йилига 14 фоиз инфляция, банк эса 20 фоиз даромадидан қуруқ қолади, деб фақат банк манфаатини ҳимоя қилиши мумкин. Лекин шу 20 фоизлик даромаддан 10 фоизи давлат улушига тегишли.

Яъни 1 млрд сўмлик кредитдан давлатга 100 млн сўм, банк фойдасидан 10 млн сўм ва банк ходимлари иш ҳақидан солиқлар ўртача 40 млн сўм, тахминан 150 млн сўм тушади.

Бир млрд сўм ишлаб чиқарувчи тадбиркорга 1 фоизли кредит қилиб ажратилганда бюджетга қанча сўм келиб тушишини ҳисоблаймиз.

1 млрд сўм кредитни қайтариш учун тадбиркор камида 2 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариши лозим.

Майли 1 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди, деб ҳисоблайлик. Бундан 4 фоиз ягона солиқ тўлови, 15 фоиз қўшилган қиймат солиғи, жами 190 млн сўм бюджетга тушади.

Бир млрд сўмлик маҳсулотнинг таннархида 40 фоизгача иш ҳақи ҳисобланади. Яъни 400 млн сўмдан 12 фоиз даромад солиғи 48 млн сўм, 12 фоиз ягона ижтимоий тўлов 48 млн сўм.

Демак 1 млрд сўм кредит 34 фоиз қилиб ажратилганда бюджетга ўртача 150 млн сўм, 1 фоиз қилиб тадбиркорга берилганда маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқаришдан 286 млн сўм бюджетга келиб тушади. Турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш натижасида валюта тақчиллиги ва инфляция даражаси кескин пасаяди, нарх-наво тартибга тушади, ҳақиқий иш ўрни яратилиб, аҳоли турмуш фаровонлиги ошади.

P.S. Солиштиришда савдо ташкилотидан тушадиган маблағ инобатга олинмади, чунки у кредитни қайтариши учун камида 50 фоиз устама қўйиши лозим, яъни 500 млн сўмдан 4 фоиз айланма маблағ солиғи 20 млн сўм ва ҚҚС 75 млн сўм, жами 95 млн сўм. Ишлаб чиқарувчи корхона 1 млрд сўм кредитни қайтариш учун камида 2 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаради, яъни (286 млн х2) жами 572 млн сўм бюджетга тушади.

Фарҳод Муҳаммадиев

“Халқ фикри”дан


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.