18 +  RSS  E-mail
12:30, 26 09 2019

Ўзбекистон чорвачилиги илм-фанида янгилик!


Ўзбекистон илм-фан тарихида илк бор қўйлар музлатилган уруғлар ёрдамида сунъий уруғлантирилмоқда.

Ўтган асрнинг 80-йилларида республикамизда 200 мингдан зиёд гўштдор-сержун қўйлар бўлиб, айни пайтда уларнинг сони кескин камайган.

Шунингдек, гўштдор-сержун қўйларнинг маҳсулдорлиги ҳам пасайган. Бу эса ўз навбатида, ушбу турдаги қўйларнинг генофондини яхшилаш, бу борада дунёнинг етакчи илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илғор тажриба ва тадқиқотларни амалиётга татбиқ этишни тақозо этади.

Бу борада Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Оҳангарон бўлими Россиянинг Бутунроссия қўйчилик ва эчкилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ҳамкорлик доирасида оҳангаронлик чорвадорлар мазкур институт фаолияти билан танишиб, жаҳон генофондига хос Шимолий Кавказ наслли қўчқорларининг музлатилган уруғлари олиб келинди.
— Ўзбекистон илм-фан тарихида илк бор қўйлар Шимолий Кавказ наслли қўчқорларининг музлатилган уруғлари ёрдамида сунъий уруғлантирилмоқда, — дейди Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти Оҳангарон бўлими бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Нуриддин Рўзибоев. — Ушбу тажриба Оҳангарон туманидаги “Холтўраев Ойбек ХМ” фермер хўжалигида амалга оширилмоқда. Россиялик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда келаси йилдан бошлаб ўзимизнинг шароитда наслли қўчқорлар уруғини олиш, музлатиш ва сақлашни йўлга қўямиз.

Мутахассисларнинг фикрича, чорва, хусусан қўйларни наслли қўчқорлар уруғи билан сунъий уруғлантириш қўйларнинг генофондини яхшилаб, маҳсулдорликни оширади. Жумладан, қўйларнинг вазни ўртача 50-55 дан 60-65 гача ва ҳатто 80 килограммгача, қўчқорларнинг вазни эса 80-90 дан 120-130 килограммгача етиши мумкин. Шунингдек, жун олиш бўйича ҳам самарадорлик сезиларли ортади.

БМТ тараққиёт дастурининг Глобал экологик жамғармаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистоннинг юқори тоғ экотизимлари табиий ресурслари ва биохилма-хиллигини сақлаш ҳамда барқарор фойдаланишни ошириш” лойиҳаси доирасида хўжаликнинг 2 гектар майдонида кўп йиллик озуқабоп экинлар уруғчилиги ташкил этилган. Семинар иштирокчилари мазкур лойиҳа юзасидан амалга оширилган ишлар, унинг афзаллик томонлари билан танишди.
— Ўзбекистон, хусусан Оҳангарон шароитида ёзга бориб тоғлардаги ўтлар қуриб қолиши ва бу ҳолат чорвадорлардан ем-хашак учун қўшимча харажат талаб этишини кузатиш мумкин, — дейди БМТнинг яйловлар бўйича маслаҳатчиси Толиб Муқимов. — Лойиҳа доирасида баҳорда ушбу хўжаликнинг 2 гектар майдонига шувоқ, олабўта, терескен, изен каби 6 хил ўсимлик уруғини экдик.

Ҳозир ушбу уруғлар униб чиқиб, ҳосилга кирган. Бу лойиҳанинг аҳамиятли томони шундаки, биз экаётган 6 хил ўсимлик йилнинг ҳар қандай об-ҳаво шароитида ўсаверади. Табиий яйловларда ёғингарчилик яхши бўлган йилларда 3 центнергача ҳосилдорлик кузатилса, бундай яйловлардан 20 центнергача ҳосил олиш мумкин. Яна бир муҳим жиҳати, бу яйловдан 25 йилгача фойдаланиш мумкин. Гектаридан 120 килограммгача уруғ олиш имкони эса бир гектардан олинган уруғ билан 10 гектар яйлов ташкил этиш орқали бундай яйловларни кенгайтириш, пировардида хўжаликларнинг ем-хашак базасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Тоғ ва тоғолди яйлов чорвачилик илми ва амалиётининг долзарб вазифалари” мавзусида ўтказилган илмий-амалий семинарда шу ҳақда маълум қилинди.

Тадбир иштирокчилари “Холтўраев Ойбек ХМ” фермер хўжалигининг қўйчилик фаолияти, у ерда қўйларни сунъий уруғлантириш жараёни билан танишди. Айни пайтда мазкур хўжаликда 120 йилқи, 300 бош гўштдор-сержун, 1 минг 200 жайдари қўй, 200 эчки, шунингдек, 200 дан ортиқ қорамол ва парранда боқилмоқда.

Семинар иштирокчилари шунингдек, “Қизил Боур” фермер хўжалигининг наслли қўчқорларни етиштириш фаолияти, БМТ тараққиёт дастурининг Глобал экологик жамғармаси билан ҳамкорликда ҳудудда ташкил этилган “Мўминобод чорва” ишлаб чиқариш кооперативи фаолияти билан ҳам танишди.

Воҳа чорвадорлари соҳа олимлари, етук мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.