18 +  RSS  E-mail
11:05, 25 09 2019

Электр тармоғига ўғринча уланганди, ҳаммасини тўлади


Чамалаб кўришга арзирли қизиқарли далил: 1,1 кВт. “SAMSUNG” русумли микротўлқинли печ, 1,1 кВт. “Бирюса” русумли музлатгич, 0,2 кВт. “PHILIPS” русумли телевизор, 3,5 кВт. “GREE” русумли кондиционер, 0,7 кВт “SHIMGE” русумли сув насоси, 2 кВт. “ROYAL” русумли сув иситиш қозони — бу маиший электр жиҳозларининг бир соатлик қуввати сарфи ҳамда шунга яраша тўлови қанча бўлишини биласизми? Бир йиллигини-чи? Сарфланган ёки истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловини рисоладагидек амалга ошираётганларнинг “ошиғи олчи” бўлаверсин. Аммо “оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним” қабилида тўловдан қочишнинг ҳар турли қинғир йўлларини ўйлаб топаётганларни қандай тушуниш мумкин?!

Ромитан туманида яшовчи Шодия Иноятованинг худди шу масалада тутган “йўли” уни шундай “уддабурон” кимсалар тоифасидан эканини намоён қилди.

Кенг тарқалган усул — электр тармоғига яширинча уланиб олиб, “оқ туя кўрдингми, йўқ” қабилида бамайлихотир юрган бу фуқаронинг ҳийласи бир йил ўтиб, фош қилинди.

Ҳудудда махсус мониторинг олиб бораётган гуруҳ томонидан айнан Ш.Иноятованинг хонадони танлангани ҳам шунчаки тасодиф эмас, балки ходимларда туғилган шубҳани текшириб кўриш, ўрганиш эди. Гумон тўғри чиққанидан сўнг электр ҳисоблагичдан “четлаб ўтилган” шу биргина ўғирлик туфайли хонадон истеъмолидан давлат манфаатларига 25 миллион 345 минг сўм моддий зарар етказилгани аниқланди. Бу Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ жавобгарлик муқаррар деганидир. Шу ҳақда билганидан сўнггина хонадон бекаси ўйланиб, “ер чизиб” қолди.

Қинғир қилмишидан пушаймонлигини билдирган Ш.Иноятова таъминотчи корхона манфаатларига етказган иқтисодий зарарни тўлиқ бартараф этгани туфайли унга нисбатан бошланган иш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси, 1-қисмига мувофиқ жиноят иши қўзғатишдан рад қилинди.

Бу ҳолат табиий энергия ресурсларини ўғирлашга, турли нопок йўллар билан ўзлаштиришга кўз тиккан кимсалар учун ҳам сабоқ бўлса, мақсадга мувофиқдир.

Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилоят бошқармаси ахборот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.