18 +  RSS  E-mail
10:47, 24 09 2019

Ўзбекистонда минерал ўғитларсиз ҳосил олиш биотехнологияси яратилди


Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти илмий ходими, биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов томонидан Ўзбекистонда минерал ўғитларсиз кузги буғдой етиштириш биотехнологияси ишлаб чиқилди ва амалда муваффақиятли синовдан ўтди.

Фанлар академияси хабарига кўра, мазкур биотехнология усули ёрдамида — азотли ва фосфорли минерал ўғитларсиз буғдой ҳосилдорлиги оширилади. Дала шароитидаги тадқиқотлар Тошкент вилояти Янгийўл тумани Калган массивидаги буғдой далаларида ўтказилди. Биотехнологиянинг асоси тупроқларда, ўсимлик илдизлари атрофида кўпаядиган фойдали бактерияларнинг ноёб биологик хусусиятларига асосланади. Тупроқ бактериялари ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигини оширишда талаб этиладиган биологик азот ва фосфор, турли физиологик фаол моддалар, оқсиллар (шунингдек, аминокислоталар), витаминлар ҳосил қилади.

Тупроқнинг муҳим био-экологик хусусиятларини тиклайди — тупроқ ёшаради. Таклиф этилган ушбу биотехнологияда ана шу бактериялардан фойдаланилади. Дала шароитидаги тадқиқотларда ушбу биотехнология асосида ва минерал ўғитлар қўлланмасдан ўртача 50 ц/га ҳосил олинган.

Мазкур ишланма, айниқса, шўрланган тупроқларнинг биологик хусусиятларини тиклаш ва буғдой ҳосилдорлигини оширишда жуда фойдали, Ўзбекистон шароитларида истиқболли ҳисобланади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.