18 +  RSS  E-mail
13:13, 18 09 2019

Жондорда хусусий клиника иш бошлади


Мамлакатимизда тиббиёт соҳасига, хусусан, хусусий тиббиётни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаяпти. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий  секторни  янада  ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганлиги соҳа ривожи учун кенг йўл очди. Мазкур қарорга мувофиқ Жондор туманида тадбиркор Ўктам Самадов томонидан бўш турган бино қайта реконструкция қилиниб, шинам ва барча қулайликларга эга тиббиёт мауссасасига айлантирилди ҳамда «Невромед» хусусий клиникаси сифатида ишга тушди.

Ушбу объект қурилишига тижорат банки томонидан ажратилган 220 миллион сўм миқдоридаги кредит ва лойиҳа ташаббускорининг 1 миллиард сўмлик маблағи сарфланди. Клиникада аҳоли саломатлигини тиклаш, касалликларга чалинишнинг олдини олиш борасида малакали тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.  

Шунингдек, дори-дармон воситалари, замонавий тиббий ускуналар, диагностика ва даволаш жиҳозлари билан тўлиқ таъминланди. Бу ерда аҳолига неврология, терапия, физиотерапия ва лаборатор диагностика йўналишида хизмат кўрсатилади.

Ушбу клиниканинг очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокимлиги мутасаддилари аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб, бу каби замонавий клиникалар халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилишини таъкидлашди.

— Ушбу тиббиёт муассасамиз 35 ўринга мўлжалланган бўлиб, 17 та янги иш ўринлари яратдик, — дейди клиника раҳбари Ўктам Самадов. — Келгусида фаолиятимизни ва иш ўринлар сонини янада кенгайтириш мақсадларимиз бор. Чет элдан замонавий тиббий ускуналар олиб келиш борасида келишувлар олиб боряпмиз.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, хусусий тиббиёт муассасаларига четдан олиб келинадиган янги тиббий асбоб-ускуналар учун божхона имтиёзлари берилгани айни муддао бўлди. Яратилаётган бундай шароитлар хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Клиниканинг фойдаланишга топширилиши лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, истиқболда лаборатория таҳлили ва беморлар ётиб муолажа олишини таъминлаш учун стационар даволаш маскани барпо этиш ҳам режалаштирилган. Бу эса қўшимча янги иш ўринлари яратиш ва фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.