18 +  RSS  E-mail
13:21, 18 09 2019

“Lactalis” компанияси Наманганда сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни икки баробар оширишни режалаштирмоқда


Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров “Нестле” компаниясининг сув қадоқлаш ва сутни қайта ишлаш корхоналарини сотиб олган Франциянинг “Lactalis” компанияси вакилларини қабул қилди.

“Lactalis” компанияси бош директори Кристиан Хубертс қабул учун вилоят ҳокимига ўз миннатдорчилигини билдириб, “Сўнгги бор Ўзбекистонга 2007 йилда келгандим, шундан бери бўлган ўзгаришлар ва янгиланишлар кўз қамаштиради” деб ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“Lactalis” бугунги кунда сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришда йиллик 100 миллион евролик ҳажми билан Қозоғистонда биринчи ўринда туради. Ўзбекистон бозори Қозоғистондан анча катталиги ҳамда бугун инвесторлар учун жозибадорлик касб этишга бошлагани учун компаниямиз бу ерда фаолият олиб боришга қарор қилди”, деди К.Хубертс.

Сутни қайта ишлаш корхонасининг ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш ҳамда бу борада чорвачилик фермер хўжаликлари билан ҳамкорлик ўрнатиш учрашувнинг бош мавзуси бўлди. “Lactalis” вакиллари бугунги кунда вилоят фермер хўжаликларидан кунлик 65-70 тонна сут олаётганликларини, бироқ бу ҳажмни икки баробар кўтаришга тайёрликларини билдиришди. Бу борада фермер хўжаликлари билан эксклюзив асосда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари борасида фикр алмашилди.

Вилоят ҳокими, пахта ва буғдой етиштиришда кластер усулини кенг қўллашга ўтилганини айтиб, сут етиштириш масаласида ҳам бундай усулдан фойдаланиш самарали бўлишини таъкидлади. Хайрулло Бозоров вилоятда кўп минглаб гектар яйловлар мавжудлигини, чорвачилик соҳасида ҳали фойдаланилмаган катта имконият борлигини ҳам айтиб ўтди.

Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.