18 +  RSS  E-mail
14:11, 10 09 2019

“Eurasia business hotel” — Бухорода янги меҳмонхона


Мамлакатимиз Мустақиллигининг қутлуғ 28 йиллиги кунларида кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳримизда яна бир замонавий меҳмонхона“Eurasia business hotel” қуриб битказилди. Бухоро шаҳрининг Қаюм Муртазоев кўчаси, 1-уйда жойлашган “Eurasia business hotel” МЧЖ томонидан барпо этилган шу номдаги меҳмонхона лойиҳасининг умумий қиймати 20 миллиард сўмдан ошиқроқ. Миллий намунадаги сервиқор гумбазли кўркам меҳмонхонада шаҳримиз меҳмонлари ва хорижлик сайёҳлар учун жаҳон андозаларига мос барча қулайлик ва шарт-шароит ҳозирланган.  

— Тўрт қаватли меҳмонхона жами 19 та хонадан иборат бўлиб, бир кунда 40 нафар меҳмонни қабул қилиш имконига эга, — дейди унинг раҳбари, хусусий тадбиркор Ҳамза Ҳайдаров. — Бизда люкс апартамент, 2 та ярим люкс ва 13 та стандарт хона алоҳида жиҳозланган бўлиб, кейинчалик яна 40 та хона ва қўшимча хизматларни йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Янги бино ўзининг замонавий архитектураси, миллий дизайни ва техник ечими, йиғинлар зали, Европа ошхонасига мансуб бўлган таомномаси ва мазали нонушта столига эга. Унда фитнесс клуб, малакали массаж ва косметолог ҳамда гўзаллик салони хизматлари, юқори тезликдаги Wi-Fi хизмати жорий қилинган. Қолаверса, меҳмонхонадан туриб транспорт хизмати ва авиа чипталарни буюртма қилиш мумкин.

Меҳмонхонанинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Шаҳриёров, Бухоро шаҳри ҳокими К.Камолов ва бошқалар юртимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталиб, кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳримизга катта қизиқиш билдираётган чет эллик сайёҳларни муносиб кутиб олиш ва уларга юқори даражада хизмат кўрсатиш инфратузилмаси борасидаги фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.

Тадбир сўнгида маросим иштирокчилари янги меҳмонхонада яратилган шарт-шароит билан яқиндан таништирилди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.