18 +  RSS  E-mail
14:23, 10 09 2019

Давлат-хусусий шериклик: давлатдан — кафолат, тадбиркордан — ҳаракат ва даромад


Самарқанд вилояти ҳокимлигида Осиё тараққиёт банкининг давлат-хусусий шериклиги бўйича эксперти Эрк Озбелги билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим, мактаб, даволаш муассасалари ҳамда меҳмонхоналар ташкил этиш, қуриш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, вилоят ҳокимлигида семинар-тренинг ташкил этилди. Семинар тренингда давлат-хусусий шериклик фаолиятининг асосий мақсади давлатдан — кафолат, тадбиркордан — ҳаракат ва даромад мезонига қаратилиши зарурлиги таъкидланди.

Очиқ айтиш керак, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганига тўрт ой бўлган бўлса-да, унинг мазмун-моҳияти, қонун имкониятларидан фойдаланиш давлат ва тадбиркор учун қанчалик фойда келтириши ҳақида етарлича маълумотга эга эмасмиз. Давлат идоралари вакиллари ва тадбиркорлар иштирокида семинар-тренинг ташкил этилишининг мақсади эса бу борада зарур кўникмаларга эга бўлишга қаратилди. Унда Осиё тараққиёт банкининг давлат-хусусий шериклиги бўйича эксперти Эрк Озбелги ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги мутахассиси Б.Содиқов мавзу юзасидан халқаро ва маҳаллий тажрибалар ҳақида сўз юритди.

— Аввало, давлат-хусусий шериклиги нима эканига аҳамият берайлик, — дейди Б.Содиқов. — Бу — инвестиция, инновация, инфратузилма ва бошқа лойиҳалар ҳамда муҳим бўлган давлат, ижтимоий, иқтисодий, илмий-техникавий аҳамиятга эга дастурларни кўзда тутувчи чора-тадбирлар мажмуи. Унда давлат бошқаруви, ҳудудий ҳукумат органлари давлат томонидан шерик, Ўзбекистондаги юридик ёки жисмоний шахс, хорижий юридик ёки жисмоний шахс, давлат-хусусий шериклигини тузган ёки тузиш истагида бўлган ташкилот эса хусусий шерик. Давлат хусусий шерикка унинг лойиҳасини амалга ошириш учун давлат кафолатлари ва иқтисодий кўмак тақдим этади. Хусусий шерик эса давлат тақдим этган имкониятлардан фойдаланиб, жамият ва иқтисодиётга наф келтирадиган фаолият билан шуғулланади ва фойда олади.

Семинар давомида тадбиркорларга шу каби имкониятлар, шунингдек, давлат-хусусий шериклиги асосида мактабгача таълим, тиббиёт, маданият, телекоммуникация, транспорт хизматлари, уй-жой ва коммунал хизматлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ёқилғи-энергетика саноати, энергиянинг қайта тикланувчи манбалари каби соҳаларда изчил фаолият юритиш мумкинлиги айтилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.