18 +  RSS  E-mail
12:41, 05 09 2019

БухДУда нодир қўлёзма топилди


Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 24 май куни қабул қилинган “Қадимги ёзма ёдгорликларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро давлат университетида мавжуд қўлёзма ва тошбосма асарларнинг сақланиш ҳолати бўйича дастлабки илмий-амалий изланишлар олиб борилди. Ўзбекистон Республикасининг турли ташкилотларида сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзма асарлар, тошбосма китоблар ва тарихий хужжатларнинг электрон базасини яратиш ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг муҳим ва устувор вазифаси бўлиб ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Комилжон Раҳимов бир ойдан ортиқ вақт давомида Бухоро вилоятида хизмат сафарида бўлди.

Иқтидорли олим томонидан олиб борилган илмий изланишлар жараёнида БухДУ АРМ ва Илмий-амалий музей лабораториясидаги қўлёзма ва тошбосма асарларининг рўйхати ҳамда қисқача тавсифномаси тузиб чиқилди, уларнинг таснифи  классификацияси амалга оширилди.

Энг муҳим топилма — бугунги кунда БухДУ ахборот ресурс маркази ҳузуридаги қўлёзма ва тошбосма китоблар фондида БДУ-Т №1 рақами билан қайд этилган, ўз вақтида Санкт-Петербургдаги Император кутубхонасида сақланган Усмон Мусҳафи (644–656) дан олинган нусха илк бор мукаммал тадқиқ қилинди. Шариф китобнинг “Ёсин” сураси” куфий хатида ёзилган бўлиб, ўлчами 40х37 см.ни ташкил этади. Мазкур тошбосма китобнинг 22 бетидан 20 бети сақланган.

Китобдан нусха олиш тарихи қуйидагича: 1883 йилнинг 26 май куни маърифатпарвар олим Қримдан Санкт-Петербургга кўчиб келади. Илёс ибн Аҳмадшоҳ 1889 йилда Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонасига (Императорская публичная библиотека) га борганида Қўлёзмалар фондида ноёб китобларни кўриб, уларга қизиқиб қолади. Фонддаги энг нодир қўлёзма — халифа Усмон томонидан кўчиртирилган.

Тарихдан маълумки, Самарқандда Амир Темур ҳукмронлиги давридан бери сақлаб келинаётган “Усмон мусҳафи” чор Россиясига олиб кетилган эди. Ушбу муқаддас манба бугунги кунда пойтахтимиздаги Ҳаст Имом мажмуасида сақланмоқда. Хуллас, Қуръоннинг қалби ҳисобланган “Ёсини шариф” сураси 1905 йилда Санкт-Петербургда, императорнинг махсус назорати остида, маърифатпарвар олим Илёс ибн Аҳмадшоҳ ал-Буроғоний ал-Қримий томонидан 50 нусхада факсимель нашри амалга оширилган эди.  Шу факсимель нашрининг бир нусхаси БухДУ ахборот ресурс маркази ҳузуридаги қўлёзма ва тошбосма китоблар фондида сақлаб келинмоқда. Албатта, БухДУ кутубхонаси ва музейларида бундай ноёб қўлёзма ва тошбосма китобларнинг мавжудлиги олийгоҳ нуфузини янада оширади.

Азалшоҳ ҲАМРОЕВ,

Ўзбекистон тарихчилар жамияти Бухоро вилоят бўлим раиси, БухДУ тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.