18 +  RSS  E-mail
12:36, 14 08 2019

Мелиорация тармоқларини тозалашнинг Беларусь тажрибаси ўрганилмоқда


Инновацион ривожланиш вазирлигининг танлови асосида Беларусь Республикасининг Миллий Фанлар Академиясида (БР МФА) қисқа муддатли илмий стажировка ўтаётган ёш олимларнинг икки нафари Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти илмий-тадқиқотчилари Жасурбек Нарзиев ва Айбек Сейтовдир. Улар сув хўжалиги ва мелиорация соҳасидаги янги технологияларни ўзлаштиришни ҳамда олган билимларини юртимиз иқтисодиёти ривожланиши учун татбиқ қилишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.

Ҳозирда ушбу ёш олимлар Беларусь Миллий Фанлар Академияси Мелиорация илмий-тадқиқот институтининг Мелиоратив тармоқларни эксплуатация қилиш ҳамда табиий тизимларни моделлаштириш ва мониторинги лабораториясида ўз илмий малакаларини оширмоқдалар.

Республикамизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ердан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, мелиоратив тармоқларга хизмат кўрсатиш ва уларни тўғри эксплуатация қилиш бўйича ҳукумат даражасида кўплаб тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ҳозирда республикамизда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида кучли шўрланган ерларни шўрини ювиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан юқори ҳосилдорликка эришиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Бунинг учун мелиоратив ҳолати ёмон ерлардаги коллектор-дренаж тармоқларини ишчи ва техник ҳолатини меъёрда сақлаш талаб этилади. Бунда ёпиқ-ётиқ дренажларни ишчи ва техник ҳолати бўйича мониторинг олиб бориш ҳамда уларни лойқа-чўкиндилардан тозалаш орқали ушбу мелиоратив объектларнинг фойдали иш коэффицентини ошириш мақсадга мувофиқ. Ушбу тадбирларни бажариш учун иқтисодий самарадорлиги юқори, тежамкор замонавий технологик ишланмалардан фойдаланиш бугуннинг талабидир. Шу мақсадда Беларусь Миллий Фанлар Академиясининг Мелиорация илмий-тадқиқот институти етакчи олимлари томонидан ишлаб чиқилган бир нечта, жумладан, ёпиқ-ётиқ дренажларни лойқа-чўкиндилардан механик ва гидравлик усулда тозаловчи ОД-100, УПК-30, УПД-120 ва УПТ-75 ресурс тежамкор ишланмалар устида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ушбу технологияларни республикамиз шароитига мослаштириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган майдонлардаги ёпиқ-ётиқ дренажларни лойқа-чўкиндилардан тозалаш тадбирларида жорий этиш учун Беларусь етакчи олимлари билан ҳамкорлик қилмоқдалар.

Замонавий ресурс тежамкор ишланмаларнинг афзалликлари шундан иборатки, дала шароитида катта маблағ талаб қилувчи техникалардан фойдаланмайди, кўп сонли ишчи кучи ва кўп вақт талаб этмайди. Мелиоратив объектларга хизмат кўрсатувчи хар қандай техник ходим қўл кучи ёрдамида бир сутка давомида бир неча гектар майдондаги ёпиқ-ётиқ дренаж тармоғини лойқа-чўкиндилардан тозалаш имкониятига эга бўлади. Бу эса ўз навбатида иқтисодий самарадорликка, вақтдан унумли фойдаланишга ва иш кўламини оширишга хизмат қилади. Натижада шўрланган ерларни шўрини ювишда, шўр ювиш самарадорлигини оширишга эришилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлиги ошишига замин яратилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.