18 +  RSS  E-mail
12:52, 09 08 2019

Бухоро вилояти ҳокими тадбиркор аёлга ёрдам бериши керакдир ёхуд “бронежилет” кийган ўринбосарлар


Мен Бухоро вилоятидан тадбиркор Зиядиллаева Фотима (+998914430530). «Эркатой Болажон»,»Ferangiz Fashion Textile Shoes» МЧЖлар раҳбариман. Болалар ортопедик пойабзали ва текстил маҳсулотларини ишлаб чиқарамиз.
Ҳурматли Ўктам Исоевич! Билмадим бу ёзаётганларим сизгача етиб борадими? Афсуски аризаларим сизгача етиб бормаган, чунки “бронежилет” кийиб ўтирган ўринбосарларингиз бор, улар ҳеч қачон етказишмайди, чунки бизнесда суянчим фақат менда йиллар давомида ишлаб келаётган 65 нафар хотин-қизларим ва 5 нафар пойабзал усталарим.

Кўп марта шахсан сизга, ўринбосарларингизга жой масаласида мурожаат қилдим, лекин ҳеч кандай натижа йўқ. Мана етти йилдан бери дастлаб «Эркатой Болажон»,  кейин эса иккинчи корхонам «Ferangiz Fashion Textile Shoes» МЧЖ номидан мурожаат қилганман. Лекин худди бизларни эшитмаётгандайсиз. Етти йил ичида 300 млн. сўмдан ортиқ ижара ҳақи тўлаб келяпман. Бир жойдан бошқа жойга, хуллас лўлилар каби, ишчиларим билан кўчиб юрамиз. Ҳақиқатдан улардан фарқимиз қолмади. Ижарадан қийналиб туриб, бошқа жойга кўчиб юрибмиз.

Эрталаб туриб ишдан ҳар хил тадбирларга борасиз, Меҳрибонлик уйларида, кам таъминланганларни зиёрат қиласиз, ёрдам берасиз, ахир бизнинг корхона ҳам кам таъминланган, биносиз тадбиркор, бизга ҳам жой керак. 7 йил ичида 250 нафар аёлдан мана 70 нафари қолди. Йиқилиб туришдан чарчадим. 

Бугун яна ижарачим 7 млн. сўм  ижара ҳақини бер, бўлмаса ДОЗ-5 даги дўкончилар 10 млн. сўм ижара пули тайёр, деб зарда қилади. Ахир яқинда май ойида 58 млн. сўм тўладим.

Илтимос, эрталаб ишга келаётганингизда машинада бизнинг корхонамизга ҳам кириб ўтинг. Ҳокимият шу йилда бирор-бир тадбиркорлар билан очиқ мулоқотга таклиф қилишмайди. 10 дақиқа вақтингизни оламиз, илтимос! 

Биламан бу мурожаатим сизгача бормас, ҳеч бўлмаса “бронежилет” кийган ўринбосарларингиз ўқиб чиқарлар, уларга хушомад қилишдан чарчайди киши. Бу бизнесда қаттиқ қоқиламан, лекин яна тураман, изланаман, ишчиларимга буюртма, иш оламан, тендерларда қатнашаман, иш ҳақи бераман, солиқ тўлайман, ижара ҳақи тўлайман, хаттоки ўзимни шахсий уйим йўқ, неча йиллардан бери ижарада яшайман. Сиздан асло уй сўрамайман, фақатгина ишлаб чиқариш биноси қуриш учун ер участкаси беринг илтимос!

Ижарада туриб, ижарачидан зардалар эшитиб, пул тўлаб келишдан чарчадим, ахир 70 ишчи шу корхонамдан рўзғорини тебратиб юрибди, қанча қозонларни қайнатаяпмиз, бир бор бўлса ҳам кам таъминланган тадбиркор аёлга ёрдам берсангиз бўладику. Илтимос сизлардан, Ўктам Исоевичга етказинглар, балким улар бизнинг муаммони умуман билмаслар.

Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни кўринг, увол ахир шунча меҳнат. Қайси вилоят «Эркатой Болажон» пойабзалини ишлаб чиқаради. “Ўзчармпойабзали” уюшмаси ёрдамида қайси корхонанинг Москва савдо растасида “Ўзбекистон маҳсулоти” деб безаб турибди. Ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиздан мен фахрланаман.

“Халқ минбари”дан


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.