18 +  RSS  E-mail
14:19, 08 08 2019

Ўзбекистонда уч миллион тонна сиғимга эга бўлган йирик агрологистика комплекслари барпо этилади


Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда ундаги тизим ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, бошқа вазирлик ва идоралар мутасаддилари, халқаро молия ташкилотларининг мамлакатимиздаги вакиллари, тадбиркорлик субъектлари, фермерлар, экспортёрлар қатнашди.

Қайд этилганидек, мамлакатда йилига ўртача 16 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, полиз ва дуккакли маҳсулотлар, 1,5 миллион тоннага яқин гўшт, 10 миллион тоннага яқин сут ишлаб чиқарилса-да, уларни саноат усулида қайта ишлаш даражаси ўртача 15-20 фоизни ташкил қилмоқда. Агрологистика тизими яхши ривожланмаган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва саралаш хизматлари талаб даражасида эмаслиги ҳосилнинг қарийб 30 фоизи исроф бўлишига олиб келмоқда. Етиштирилган маҳсулотларни халқаро стандартларга мос лаборатория текширувидан ўтказишда ҳам муаммолар кўзга ташланади.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда етиштирилаётган сабзавот маҳсулотларининг бор-йўғи 3-4 фоизи, меванинг 11 фоизи экспорт қилинмоқда. Демак, бу борада ҳам ҳали ўрганилиши, жорий этилиши зарур бўлган жиҳатлар бор.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 29 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шу каби муаммоларга тезкор ечим топиш, соҳага янги механизмларни жорий этиш мақсадида қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан 2019-2021 йилларда республиканинг 8 та, яъни Андижон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига 3 млн тонна сиғимга эга бўлган йирик агрологистика комплекслари барпо этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сиғими 360 минг тонна бўлган жами 37 та замонавий агрологистика марказлари ташкил қилинади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича жами 174 та ва озиқ-овқат соҳасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича жами 24 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширилади. Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда мавжуд самарасиз боғлар ўрнида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 36 минг гектар интенсив боғлар ташкил этилади. Бундан ташқари, “Ўзстандарт” агентлигининг республика ҳамда Наманган ва Самарқанд ҳудудий синов ва сертификатлаштириш марказлари ҳузуридаги синов лабораторияларини тўлиқ модернизация қилиш ва янги ускуналар билан таъминлаш, озиқ-овқат соҳасида 726 та халқаро стандартларни жорий қилиш каби чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Семинарда қишлоқ хўжалигини, инвестиция ва ташқи савдони ривожлантириш, агросаноат тизимидаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан вазирлар ва тегишли ташкилотлар раҳбарлари, халқаро молия муассасаларининг мамлакатимиздаги вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Иштирокчилар Тошкент шаҳри ва вилоятидаги илғор ишлаб чиқарувчи қорхоналар фаолияти билан танишди.

Семинар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.