18 +  RSS  E-mail
13:49, 02 08 2019

Ёзилмаган, аммо билишинг шарт бўлган қоидалар бор!


Отангнинг уйида омонатсан, ҳақиқий уйинг — тушган жойинг. Остонасини ўпиб кириб борасан. Билиб қўй: бу уйда хунук нарса йўқ, ёмон одами ҳам йўқ! Айбини яшириш ва тузатишга тинмай уринасан. «Пешонамга шу ер битибдими, демак бу хонадонга муносибман» деб ўзингни баҳолайсан.

Ўзинг яйрашинг ва сени севишлари учун меҳнатдан қочмайсан. Уйингда ҳамма нарсанинг ўз жойи бўлсин ва ҳамма нарсанг жойида ялтираб турсин. Кир тўплама, тушганини тушганда ювавер! ПОКИЗАЛИК, ПОКИЗАЛИК ВА ЯНА ПОКИЗАЛИК!!! Билиб қўй, қизимжон, бахт кир жойда тўхтамайди!

Тилингни ямлаб ютиб юборсанг ҳам, майли. Ҳеч қачон савол берма, сўралмаган нарсани айтма! Ҳеч қачон ҳеч кимга гап қайтарма! Одамларнинг фақат фазилатларини айт, ёмонлама. ҳеч кимнинг дилини оғритма. Ажримгача борган оилаларнинг ярмидан кўпи аёлларнинг тили туфайли барбод бўлади.
«Меники. Менга қани?» деган сўзларни ишлатма. Ҳамма борада НАФСингни тий! Билиб қўй, нафс бало келтиради. Дунёдаги жами бахтсизлик нафс туфайлидир.

Ҳеч кимни ёмон кўрма! Қасдланма! Бахиллик қилма!
Ёлғон ишлатма, ёлғон — ҳаром! Уйингни касофат босади!
Жуфтингга ҳеч қачон «севаман» деб айтма, қизиғинг кетади.
Уйинг ва қўлингдаги бор имконни кўра бил, улардан севин ва тинмай Аллоҳга шукур қил! Буни юракдан қил, бўлмаса, янги мукофотларини бермай туради.

Сен боргач, жуфтингнинг фазилатлари орта бориши керак, бу атрофга сезилсин. Шунга эришки, сен келгач, у оила аъзоларига аввалгидан-да эътиборлироқ бўлиб қолсин. Илоҳо, омин, сенга Яратган қулоғи очиқ виждон берсин, шу ишларни бажаришга қодир бўлгин. 
Турсуной СОДИҚОВА.

“Гўзал панд ва насиҳатлар”дан


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.