18 +  RSS  E-mail
13:38, 02 08 2019

Масжидга тош отманг ёхуд “Саррафон” масжидининг «маишатхонага айлантирилгани» борасидаги уйдирма хусусида


Бугунги ахборот хуружлари даврида оқни қорадан, сарагини пучакдан ажратиш учун ҳам инсонга теран ақл-идрок, билим ва кенг дунёқараш зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Куни кеча Туркия республикасининг “Haber7.com” нашри профессор, доктор Аҳмад Онайнинг Ўзбекистон бўйлаб қилган сафари таассуротлари битилган мақолани эълон қилди. Унда айтилишича, Бухоро шаҳрида кўп минг йиллик тарихга эга муқаддас қадамжоларга ҳурматсизлик билан қаралаётгани, чунончи, Бухоро шаҳрининг Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси, 78-уй манзилида жойлашган, 300 йиллик тарихга эга “Саррафон” масжиди гўёки “туризмни ривожлантириш” номи остида ичкиликхонага — кафега айлантирилгани, масжид меҳробига яқин жойда эса ҳожатхона қуриш режалаштирилгани, яна масжиддаги эски араб ёзувида битилган муқаддас ёзувлар ўчириб ташлангани ҳақида сўз боради. Гўёки қадим тарихга эга масжид маишатхонага айлантирилган. Аслида буларнинг бари қип-қизил бўҳтондан бошқа нарса эмаслигига ўша манзилга бориб, қадамжони ўз кўзи билан кўрган киши борки, ишонч ҳосил қилиши тайин.

— Эски шаҳарнинг ажралмас қисми -“Тоқи Саррафон” гумбазига туташ кўҳна масжидни бузиш ёки уни маишатхонага айлантириш ақлга сиғмайдиган иш, — дейди Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос департаментининг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Сухроб Бобоев. — “Саррафон” масжиди Бухоро вилояти ҳокимининг 2008 йил 30 октябрдаги 204-сонли қарори билан маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган. Саҳни 89,14 квадрат метрдан иборат ушбу масжиднинг 105 квадрат метр қисми 5 йил муддатга, яъни 2020 йил 31 мартига қадар Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 102-сонли қарорига мувофиқ “Бухоро вилояти Давлат мулкини ижарага бериш маркази” ДУК томонидан 2015 йил 4 апрелда тузилган учтомонлама ижара шартномаси асосида Бухоро шаҳрида фаолият кўрсатиб келаётган “Минзифа-Амико” МЧЖ раҳбари Асрор Мирзаевга ижарага берилган. Ундаги айвонда сайёҳлар ва шаҳримиз меҳмонлари учун енгил чой ва қаҳвахона ташкил қилинган бўлиб, бир қисмида миллий намунадаги кийим-кечаклар намойиши йўлга қўйилган. Масжид биносининг жанубий қисмида, ён томонида мустақиллик даврига қадар қурилган қўшимча бино ҳам бор. Бу бино маданий мерос объекти сифатида эътироф этилмаган.

Турк нашрида масжиднинг меҳробга яқин жойида ҳожатхона қуриш режалаштирилгани ҳақидаги иддао ҳам ўз тасдиғини топмади. Масжид каби унинг меҳроби ҳам муқаддас Ислом динимизга ҳурмат рамзи сифатида асраб-авайланмоқда. 

Бизга маълум бўлишича, масжидга туташ барпо этилган қўшимча бинода бир пайтлар ҳожатхона бўлган. Аммо масжидда олиб борилган енгил таъмирлаш ишлари жараёнида у бутунлай бартараф этилган.

Қолаверса, унинг ички пештоқида эски араб ҳуснихатида битилган ёзувлар ҳам ўчириб ташланган деган гап ҳам мутлақо ёлғон бўлиб чиқди. Масалага бевосита мутасадди идоралар раҳбарлари, журналистлар ҳамроҳлигида муҳокамага сабаб бўлган масжидни кўздан кечириш жараёнидан олинган суратлар ҳам ана шу фикримизга яққол далил. Умуман, бутунжаҳон маданий меросини асраб-авайлашга хизмат қилувчи ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг рўйхатига киритилган, муҳофазаси остига олинган қадимий ва ҳамиша навқирон Бухорои шарифнинг муқаддас қадамжоларидан бири ва ундаги ҳолат хусусида халқаро жамоатчиликда турли нотўғри хулосалар шаклланишига сабаб бўлиши мумкин бўлган нохолис ва ёлғон-яшиқдан иборат уйдирмани тарқатишга турк биродаримиз, жаноб Аҳмад Онайни нима ёки қайси омил мажбур қилди, деган табиий савол туғилди. Ахир, масжидга тош отиш гуноҳ эмасми ?! Хулоса ўзингизга ҳавола, азизлар!

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати      


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.