18 +  RSS  E-mail
12:10, 31 07 2019

Эски шаҳардаги дарахтлар кесилмайди, ертўлали ресторан қурилмайди!


Мамлакатимизнинг дунёга машҳур сайёҳлик брендига айланган шаҳарлардан бири — кўҳна ва боқий Бухорога ташриф буюрган сайёҳ борки, ўзи яқиндан танишмоқчи ёки бориб кўрмоқчи бўлган обида ва қадим меъморий ёдгорликлар, сайёҳлик маршрути ҳақида батафсил маълумот олиш, бизда яратилган қулайликлар, кўрсатиладиган хизматлардан тўла баҳраманд бўлишни истайди, албатта. Бу унинг шариф шаҳарга илк қўйган қадами, меҳмонхонага жойлашишидан бошлаб, “йўл харитаси” асосида кун тартибини белгилаши, умуман, сафарини илиқ таассуротлар билан ўтказишига боғлиқ. Бу борада зарур ахборот хизматини йўлга қўйиш, хорижлик меҳмонлар учун маълумот алмашадиган марказни барпо этиш саъй-ҳаракати бошлангани қувонарли ҳол. Талаб ва таклифдан келиб чиқиб вилоят марказининг Эски шаҳар қисмида, М.Анбар ҳамда Б.Нақшбанд кўчалари кесишмасида, аниқроғи, Нодир Девонбеги мадрасаси орқа томонида худди шундай туристик ахборот маркази ва қаҳвахона барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унинг ташаббускори, яъни эгаси, хусусий тадбиркор Саиджон Мақсудовдир.

— Бизга тадбиркорлик отамерос касб — ҳунар, — дейди ана шу лойиҳани амалга оширмоқчи бўлган тадбиркор, ёш инвестор Саиджон Мақсудов. — Ўз пайтида падари бузрукворимиз Рустам Мақсудовнинг елиб-югуришлари туфайли оиламиз, жумладан, мен ҳам 17 ёшимдан Франция давлати пойтахти Париж шаҳрига кўчиб бориб, ўша ерда умргузаронлик қилиб, ўзбек тилида айтсак, “Катта тижорат мактаби” деб номланган таълим даргоҳида ўқиб, бизнес ишини ўрганишга муваффақ бўлдим. 23 ёшимда юқоридаги таълим даргоҳининг магистратура босқичини муваффақиятли тамомладим. Аммо шу ёшимда бевосита отамизнинг ёрдамлари, қўллаб-қувватлашлари билан Париж шаҳрининг энг сўлим ва сайёҳлик инфратузилмаси юксак даражага кўтарилган нуфузли учта кварталида “Nationale chayxana de BUKHARA” деб номланган миллий таомлар ресторанимизни очишга эришганмиз. Нокамтарлик бўлса-да айтиш керакки, бу Кўҳна Қитъанинг энг гўзал ва жозибадор шаҳридаги илк ўзбек миллий ошхоналаридир.

Шу тахлит катта бизнесга қўл урган Саиджон Мақсудов хусусий фирмасини очиб, ҳозирда улар сонини ҳам, сармоясини ҳам оширишга эришди. Кафе-ресторан лойиҳаси қаторида  у кўчмас мулк бизнеси билан ҳам шуғулланишга киришган. Парижда ижарага берган бино-иншоотлари бор. Оиласи анъанасини давом эттиришга бел боғлаган тадбиркор йигит 2018 йил ёз ойларидан бошлаб укаси Сухроб Мақсудов билан биргаликда Бухоро шаҳрининг Эски шаҳар қисмида туристлар учун ахборот маркази ва қаҳвахона барпо этиш истагида. Бу истакни рўёбга чиқариш учун унда сармоя бор. Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “2017 ва 2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2980 сонли қарори ижросидан келиб чиқиб, Бухоро шаҳар ҳокимининг ўтган йили 26 августида “Ер участкасини ажратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган ва ака-ука Мақсудовларга юқорида кўрсатилган манзилдан 120 квадрат метрдан иборат ер майдони ажратиб берилган. Объектнинг қурилиш ва ободонлаштириш ишларига бевосита мутасадди ташкилотлар, жумладан, республика Маданият вазирлигига қарашли Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси, шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, давлат санитария-эпидемиология назорати маркази шаҳар бўлими, ер тузиш кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси, қолаверса, вилоят “Сувоқава” ДУК, шаҳар электр тармоқлари, ҳудудий газ таъминоти корхоналари ва ёнғин хавфсизлиги бошқармасидан ижобий хулосалар олинган.

Хусусий инвестор томони туристик ахборот маркази ва қаҳвахона учун белгиланган жойда енгил конструкциядан иборат бир қаватли замонавий бино тиклаш ҳаракатига тушган бир пайтда ижтимоий тармоқларда ҳақиқатдан йироқ гап-сўзлар пайдо бўлди. Эмишки, худди шу жойда кўҳна кентнинг қадимийлигига, миллий намунадаги арнаментига путур етказилиб, алоҳида ертўласига эга икки қаватли кафе-ресторан қурилармиш. Атрофидаги юз йиллик дарахтлар, тутлар кесиб ташланиши тайин экан. Бундай нохолис ва дадил айтиш мумкинки, ёлғон маълумотга бевосита мутасаддилардан изоҳ талаб этиш адолатли ечимдир.

— Туристик ахборот маркази ва қаҳвахона учун ер майдони ажратишда маданий мерос объектлари муҳофаза зонаси ҳисобга олингани ҳолда “6+1” метр масофада нейтрал жой қолдирилган, — дейди Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси бошлиғи Сухроб Бобоев. -Лойиҳа қурилиши “Нодир Девонбеги” мадрасасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эмас. Қолаверса, ўша ҳудуд тадбиркор ташаббусидан кейин бевосита Бош бошқарма мутахассислари ва бошқарма қошидаги Реставрация ва муҳофаза қилиш илмий-методик кенгаши аъзолари томонидан атрофлича ўрганилганидан сўнг маъқулланганди.

— Марказнинг қабулхона, сайёҳларга хизмат кўрсатиш бўлими, раҳбар хонаси, бар, файе, кейинчалик режалаштирилган ҳожатхона қисмининг атроф-муҳитга таъсири экспертизадан ўтказилди, — дейилади Бухоро вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи имзоси билан тасдиқланган давлат экологик экспертизаси хулосасида.

— Объектда қуйидаги талаблар бажарилиши шартлиги уқтирилган: қурилиш даврида дарахтларга зарар етказилмасин, бирор бир дарахтни кесиш лозим бўлган ҳолда буюртмачи томонга хат орқали мурожаат қилиш зарур. Расмий тасдиқдан сўнггина дарахт кесилиши ёки унга санитар шакл берилиши мумкин. Объектни қуришда унинг атрофидан ўтган табиий газ, электр энергияси, сув, алоқа ва бошқа тармоқларнинг муҳофаза минтақалари сақлаб қолинади… Объектнинг экологик талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги экспертиза хулосаси берилган кундан эътиборан 3 (уч) йил муддатда юридик кучга эгадир.

Дарвоқе, объектда бўлганимизда йигирмага яқин кўп йиллик тут дарахти, чинор ва ўндан ортиқ арча дарахтига кўзимиз тушди. Ҳудуд ижтимоий тармоқда “бонг урилганидек”, қазиб ташланмаган, аксинча, атрофи баннерлар билан ўралган. Объект эгаси, хусусий тадбиркордан қурилиш талабидан келиб чиқиб дарахтлар кесиб ташланадими, деган саволимизга “Асло йўқ!” деган жавобни олдик.

— Бизга бино учун ажратиб берилган ер майдони 1,2 сотих бўлса, унинг атрофидаги умумий ҳудуд 6 сотихдан кам эмас, — дейди объект эгаси Саид Мақсудов. — Биз ҳозирда мавжуд дарахтларни асл ҳолича сақлаб, қолган бўш майдонга манзарали дарахт ниҳоллари ўтқазишни, қолаверса, марказ атрофини, ҳовли саҳни ва йўлакларни яшилликка буркашни лойиҳамизда ҳам кўрсатганмиз.

Хулоса қилиб айтганда, айнан “Нодир Девонбеги” мадрасаси орқасида қурилиши лойиҳалаштирилган туристик ахборот маркази ва қаҳвахона шаҳримиз меҳмонлари учун яна бир қулайлик, инфратузилма объекти. Унинг Эски шаҳарнинг яхлит кўринишига, меъморий обидаларимиз шакл-у шамойилига, атроф-муҳитга ҳеч қандай зарари йўқ. Хусусий инвесторга келсак, яқин бир йилда иншоотни қуриб битказишни кўзлаётган Саид Мақсудов оиласи чет элдан ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини ўрганиб чиқиб, Эски шаҳарнинг Хўжа Порсо кўчасидаги хусусий эгаликларида бўлган 3- ва 8 — уйларда, яна Баҳоуддин Нақшбанд кўчасидаги 140-уйда замонавий типдаги, жами элликка яқин ўринга эга “Меҳмон уйлари” қуришни режалаштирган. Уларнинг ҳар бири учун умумий қиймати 200 минг Евро атрофида сармоя ажратилади.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати 


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.