18 +  RSS  E-mail
13:38, 18 07 2019

Сув ҳавзаларида чўмилишда эҳтиёт бўлинг!


Ҳар бир фаслнинг ўзига яраша жозибаси бўлгани сингари, ёзнинг иссиқ тафти ҳам инсонларни соя-салқинлик сари чорлайди. Бунда замонавий совутгич ўрнатилган хонада дам олишга, муздек салқин ичимлик ичишга ёки бўлмаса ҳузурбахш сувда маза қилиб чўмилишга нима етсин. Бироқ чўмилишнинг ҳузурбахшлилиги билан бир қаторда, ҳар йили дунё бўйлаб 300 минг нафарга яқин инсонлар мана шу ҳузур истагида белгиланмаган жойларда чўмилишлари оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмаётганлиги ёки бўлмаса ҳар йили кемалар ҳалокатидагига нисбатан чўмилиш учун сувга тушиб чўкиб кетаётганлар сони кўп эканлиги кишини ўйга толдиради.

Бундай вақтларда ҳар бир инсон “Сувда чўкиш мен ва менинг яқинларим билан содир бўлмайди”, деган бефарқлик ва бепарволик чулғаган фикрдан бироз чекиниб, ўзи, оила аъзолари ва яқин кишиларини эҳтиёт бўлишга чақириши ва огоҳлантириб туриши унинг кундалик вазифаси эмасмикан, деб ўйлайсан киши. Зеро, ҳар бир фуқаро учун фарзандлари бир-биридан азиз, яқин кишилари эса муқаддасдир.

Бухоро вилоятида фуқароларнинг сувда чўкиб вафот этишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган йилда 18 нафар ҳамда жорий йилнинг шу давригача 15 нафар фуқаролар турли сабабларга кўра, сувда чўкиб вафот этишган. Ушбу рақамлар қанчадан-қанча оилаларга оғир мусибат олиб келган. Кимдир отасидан, кимдир акаси ёки укасидан, яна кимдир умр йўлдошидан, оғайнисидан ажралиши билан тугаган фожиадир. Ушбу бахтсиз ҳодисаларнинг 45 фоизи ёш болалар ва вояга етмаган ўсмирлар иштирокида содир бўлганлиги ачинарли ҳолдир. Аксарият сувдаги бахтсиз ҳодисаларга ёш болаларнинг қаровсиз колдирилиши ва тақиқланган, тезоқар сув ҳавзаларида чўмилиши сабаб бўлмоқда. Хусусан, сувдаги бахтсиз ҳодисалар сони вилоятнинг Шофиркон, Когон, Ромитан, Жондор, Қоровулбозор, Қоракўл, Ғиждувон ва Бухоро туманларида кўпайганлигини кўриш мумкин.

Ҳурматли фуқаролар, ота-оналар, вилоятимиз меҳмонлари!

Ўзингиз, фарзандларингиз, яқинларингизнинг ҳаёти ва саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган омилларни олдини олиш мақсадида қуйидаги талабларга қатъий риоя қилишингизни сўраймиз:

— рухсат этилмаган, оқим тезлиги юқори бўлган сув ҳавзаларида чўмилманг, бундай жойларда фарзандларингиз ва яқинларингизнинг чўмилишига йўл қўйманг;

— фарзандларингизни чўмилиш, сувда ўз хавфсизлигини таъминлаш қоидаларига ўргатинг;

— ҳар бир киши ўз саломатлиги ҳолатидан келиб чиқиб, тиббиёт ходимларининг рухсати билан очиқ сув ҳавзаларида чўмилиши мумкин ёки мумкин эмаслигига эътибор қаратинг;

— ёз мавсумида фақатгина рухсат этилган, қўриқланадиган сув ҳавзалари, пляжлар ва сузиш масканларида, вояга етмаганларнинг фақат катта ёшдаги кузатувчилари ҳамроҳлигида чўмилиши лозимлигини унутманг;

— очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш натижасида офтоб уришидан сақланинг;

— болаларни ёзги мавсумда қаровсиз қолдирманг, уларни имкон қадар, ҳар хил тўгаракларга, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига жалб этинг;

Рухсат этилмаган сув ҳавзаларида аҳолининг, айниқса, ёш болаларнинг чўмилиши уларнинг ҳаёти ва саломатлигига путур етказиши мумкинлигини инобатга олиб, содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш маҳалла жамоатчилиги, қолаверса ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлигини унутманг!

Бухоро вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.