18 +  RSS  E-mail
14:10, 03 07 2019

Тантиқ қизнинг тарбияси


— Ассалому алайкум, онажон. Яхшигина ўтирибсизми?
Қизининг овозини эшитиб, Моҳитоб опа ўқиётган газетаси ва кўз ойнагини столга қўйиб, кўришиш учун қўзғалди:

— Ваалайкум ассалом, қизим. Кела қол, ўзим ўргилай, келишларингдан сенинг…

— Саломатмисиз, онажон? Яхши ўтирибсизларми? Дадам омонмилар, — Фируза онасини қучоғидан қўйиб юбормай сўрашди.
— Ҳамма яхши. Ўзинг соғ-саломатмисан? Болаларинг, куёв яхшими? Қайнона-қайнотанглар яхши юришибдими?

— Шукур… — Фируза ҳорғинлик билан қисқа жавоб қилдию, юмшоқ ўриндиққа чўкди. — бироз паришонман, онажон. Шунинг учун ёнингизга келдим. Сизни кўрсам, ичимдагиларни тўкиб-солсам енгил тортаман-да, онажон… Борингизга шукр…

— Нима бўлди, тинчликми? Куёв билан…- Моҳитоб опа саросимланиб чайналди.

— Йўқ, онажон. Куёвингиз билан тортишганим йўқ. Хотиржам бўлинг, севимли куёвингизга айтганингиздан ҳам зиёда яхши рафиқалик бурчимни бажаряпман. Бошқа нарсадан зерикдим, онажон…

— Вой, пошшапам келибдилару, ассалому алайкум, — укасининг хотини билан салом-алик қилиб онасига маъноли қараганди, Моҳитоб ая келинига дастурхон тузашни буюрди.

— Хўш, нимадан паришонсан, қизим? Тинчликми?…

— Ҳа, онажон… Ҳавотир олманг. Ўзим шунчаки, бўлиб турадику одам-да…
Келин янгилаб келган чойни оҳиста қайтариб, пиёлаларга қуйиб онасига узатаркан, Фируза кулимсираган куйи гап бошлади:

— Онажон, сиз менинг тарбиямда қийналмаганмидингиз?..
Моҳитобон ая қизининг кутилмаган, ғалати саволидан ҳайратланиб кулди. Сўнг қизига синовчан назар солиб:- Нега тўсатдан бу савол хаёлинга келди, қизим, — дея сўради.

— Тўсатдан эмас, онажон, анчадан бери бу саволни мулоҳаза қиламан. Болалигимни, ўсмирлигимни ўйлайман. Қизим билан ўзимни солиштираман. Ўзимнинг оналигим билан сизнинг оналигингизни чоғиштираман. Кўпдан бери бу борада ҳаловатим йўқ, онажон. Назаримда Фарангизнинг тарбиясида хатога йўл қўйдимов…

— Ундай дема, қизим, — Моҳитоб ая қўлини ҳавода силкитди. — Хато қилишдан Аллоҳ асрасин…

— Жуда инжиқ, тантиқ бўлиб кетяпти борган сари. Бунинг устига кийимга ҳам ўч. Унга деса ҳар куни бозорга тушса, ҳар куни янги кийим олиб кийса. Яна анча-мунча нарсани назари илмайди ҳам. Ўн беш яшар қизча атир-упага ружу қўйганини-ку қандай тушунишни ҳам билмаяпман. Биз ҳам бир пайтлари ёш бўлганмиз, биз ҳам кийимга қизиққанмиз, чиройли кийингимиз келган, лекин… — Фируза шундай деяётиб ўзига кулимсираган куйи термулиб турган онасига кўзи тушди. Нимадандир хижолат чеккандай гапини тўхтатди…

Болалигида ҳам, ўсмирлигида ҳам онаси Фирузани ортиқча эркаламасди. Бирор марта “Фируза”, “асал қизим”, “шириним” деганини эслолмайди. Онасининг унга мурожаати “Ҳой, сен қиз!” бўларди. Фируза айниқса ўсмирлик пайтларида онасининг “Ҳой, қиз!” деганини эшитса аъзойи баданини қалтироқ тутиб, тили “лаббай”га келишмасди. Ошхона, рўзғор ишларига қачон кирганини ҳатто эслай олмайди ҳам. Эсини таниганидан бери овқат қилиш, уй тозалаш, кир ювиш — ҳаммаси Фирузанинг зиммасида эди. Мактабдан қайтиб онаси ишдан келгунича ака-укасининг кийимларини ювиб, овқат тайёрлаб турар, тағин “ишқилиб, бажарган ишларим онамга ёқсин-да” деган ҳадик билан онасини кутарди. Турмушга чиққунигача кийим-кечагини онаси танлаб, кийинтирар, ҳатто сочини ҳам онаси истаганидай турмакларди. Бу ҳол Фирузага ёқмас, у ҳам дугоналаридек сочини ўзи хоҳлагандек турмаклаб, дугоналаридек чиройли кийиниб юришни истарди. Онасидан бекитиқча дугоналарига ҳавас қилиб тирноқ бўёғи, лаб бўёғи яна алламбалолар сотиб оларди-ю, онаси кўриб қолишидан хавотирланиб дугонасига “Сеникида турсин” деб бериб юборарди. Онаси ҳеч қачон Фирузага бирор ишни эркалаб ўргатмаганди. Ҳар бир сабоғи:

“Ҳой қиз! Хамир ёйишни ўрганмасанг, эрта бир кун борган жойингга менга маломат олиб келасан! Ювган кирларингни яхшилаб чайишни унутма! Совун ҳиди уриб қолмасин! Пиёзни куйдирмай қовур!” каби буйруқ оҳангида бўларди. Ҳатто узатилаётганида ҳам кийимларини онаси хоҳлагандек тиктирганди.

Кенгроқ, узунроқ қилиб, ўзбекча урфда тиктир кўйлакларингни! Ҳартугул сенга бегона жойлар, бунинг устига қишлоққа узатиляпсан. Ҳақиқий келинчак бўлиб юр. Калта-култа, тангу тор кийиниб ҳамманинг кўзига балодай кўринма! Кийиниш ҳам одамнинг феъл-атворидан дарак беради. Кўйлакларингни кўриб қайнонанг “Ҳе сенга тарбия берган онангни…” деб шаънимга тупурмасин!..

Фируза онасидан ич-ичидан хафа эди. “Онам менга худди золим қайнонадек муносабатда бўладилар. Шунчалик мени ёмон кўрадиларми?” Ҳатто ўсмирлигида “Ота-онам мени асраб олганлар чоғи, онамнинг менга меҳри йўқ” деган ҳаёлга ҳам борган эди. Онасидан фарқли отаси Фирузага меҳрибон эди.

— Битта қизни шунчалик қийнайсанми, онаям шунақа золим бўладими?- деб Равшан ака хотинини койирди.
— Қўяверинг, вақти келади сиз ҳам, қизингиз ҳам менга раҳмат айтасизлар, — дерди унга жавобан Моҳитоб опа. Лекин Фируза онасига “раҳмат” демаган экан. Қизиқ, нега шу пайтгача бу ҳақида ўйлаб кўрмади? Фируза онасига зимдан термулди. Чиндан ҳам бошқа дугоналаридек қайнонасининг инжиқлигини “зулм” деб билмади у. Қайнонаси бирор ишидан айб тополмасди ҳам. Ишлайдиган келин бўлса ҳам ҳамиша ош-овқати тайёр, печида тансиқ ширинлик ҳиди анқиб туради, уйидан ҳатто бир дона ювилмаган рўмолча чиқмайди.

Турмушга чиққанидан бери Фируза “чарчадим” деган сўзни ишлатгани йўқ. Дугоналари-чи… Қўлини совуқ сувга урмайдиган, балоғатга етиб-етмай кийим-кечакка, пардоз-андозга ружу қўйган дугоналари ҳаётда ўрнини топгунича роса қийналишди. Гап-сўз, қўйди-чиқдиларга борган дугоналаринининг аҳволини кўрганида ҳам онасининг ҳақ тарбиясидан миннатдор бўлмабди. Қайтанга “Онам мени кўп уришардилар, мен қизимга зуғум қилмайман! Қизимни қўғирчоқдай ясантириб юраман. Қозон-товоқ, кир-чирни турмушга чиққанида ҳам ўрганади” деб хато ўйлаган экан. Энди ўзи пиширган ошни ўзи тахир деяптими?..

… — Ҳали ҳам кеч эмас, она қизим,- Моҳитоб опа мулойим кулимсираб гап бошлади.- Тўғри, энди бироз қийналасан, лекин кеч эмас. Болам-а, сени қанчалик яхши кўришимни, жону жаҳоним, бору йўғим эканинингни билмасмидинг? Сенга ҳамма ишни болалигингдан ўргатганим, кийинишинга, юриш-туришинга қатъий турганим- сени қоғозга ўралган қанддай асраганимдан, сенга гард юқмаслигини истаганимдан эди, қизим-жоним! Қайнонанг, қайинбўйинларинг сенга бир оғиз танбеҳ беришларини ақлимга сиғдиролмасдим, Фирузажон! Сен шунчалик қаттиқ яхши кўрганимдан, “қизим ҳамма ишни пухта эгалласа, кийиниши ораста, камтар бўлса, боламдан биров айб топмайди, танбеҳ бермайди” деб ўйлагандим. Тарбиям сенга панд бердими, жон қизим?

Фирузанинг кўзларидан тирқираб ёш чиқди:

— Онажон!.. Мени кечиринг, нодон эканман! Сизни тушунмаган эканман, онажон. Қайнота-қайнонам, куёвингиз, қайинбўйинларимнинг ҳурмат-иззати сизнинг тарбиянгиз маҳсули эканини ўйламаган эканман. Биласиз-ку, уйда бирор тадбир бошласак, қайинотам “Фируза келиндан маслаҳат олайлик” деб албатта фикримни биладилар. Шу пайтгача қайнонам бирор ишимдан айб топмаганлар, ахир инжиқ, серзардаликлари ҳамма жойга даъвою достон бўлган-ку! Ҳеч қачон ойижон менга “Оббо, бу ишни ўхшатмабсиз-ку!” демаганлар. Онажон, буларнинг ҳаммаси сизнинг шарофатингиздан экан, билмабман, ўйламабман.

Куёвингизга кийим деб тихирлик қилганимни, тақинчоқ деб жанжал қилганимни эсламайман. Ўзлари ийиб олиб келсалар кияман, тақаман, имкониятлари етмаса таъма қилмайман. Ўйламабманки, феълимдаги бу хислатлар ҳаммаси сизнинг тарбиянгиз самараси экан. Нега қизимга шундай қилмадим? Нега менга оналик тутумингизни ўргатмадингиз, онажон?..

— Болагинам-ей, ҳар бир инсоннинг фарзанд тарбиясида ўз орзуси бўлади. Мен онам менга берган тарбияни сенга бердим. Сен мендан ўрганганингни қизингга ўргатасан, деб ўйлабман. Ҳаддан ортиқ Фарангизингни эркалатганингда кўнглим ўксийди, тўғриси, “Қизим бола бўлиб эркалик қилмаганди, кўнглида армон қолибди-да” деб ўйлайман.

— Онажон… Мени кечиринг, сизни тушунмаганим учун, йиллар бўйи хафа бўлиб юрганим учун…- Фируза онасининг бағрига бошини қўйиб йиғлаб юборди.- Нега буни олдинроқ билмадим?..

— Йиғлама, қизим. Қўй, келининг кўрса, бошқача ўйламасин. Сен яхшиси Фарангизни менга юбор. Бир муддат меникида яшаб, олдимда юрсин. Мактабига ҳам уканг машинасида олиб бориб, олиб келади. Ташвишини қилма. Бунақа йиғлаб юришинг яхши эмас. Ҳеч ҳавотир олма, одам боласи аслидан қочиб ҳеч қаерга кетолмайди! Фарангизинг ҳам ўзинга ўхшаган эпли, саранжом, камтар аёл бўлади. Ҳали Фарангизга ўхшаган ўнта қизни тарбиялайдиган қувватим бор, менинг!

Она — бола енгил кулишиб олдилар. Дарвозахона томондан Равшан аканинг томоқ қиргани эшитилди. Фируза ўрнидан қўзғалиб, отасига пешвоз чиқишга ошиқди. Осмондан қора булутлар тарқаб, аёлнинг хотиржам тортган кўнглидек мусаффо ҳаво танга роҳат бағишларди…
Умида АДИЗОВА.

“Она меҳри” дан.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.