18 +  RSS  E-mail
15:07, 26 06 2019

Кенжа келин


Бир кекса аёлнинг ҳикояси

“Менинг уч ўғлим бор. Кунларнинг бирида катта ўғлимнинг уйига бордим. Эрталаб бомдод намозига таҳорат олиш учун келинимдан сув олиб келишини сўрадим. Таҳорат қилдим. Намозимни ўқидим. Қолган сувни ётган ўрнимга тўкдим. Кун ёришганда келинимни чақириб:
— Қизим, нимасини дейсиз, энди қаричилик-да! Ўрнимни ҳўл қилиб қўйдим, — дедим.

Унинг асаблари бузилди. Энг ёмон сўзларни тўкиб солди. Менга чойшабларни ювишимни буюрди. Бошқа бу ишни қайтармаслигимни талаб қилди. Чойшабларни ювиб, қуритиб, дазмолладим.

Сўнг, ўртанча ўғлимникига бордим. Айни ишни такрорладим. Келиним ўғлимга зарда, уриш қилиб, қилган ишимни айтиб берди. Ўғлим унга бир оғиз сўз сўзламади.

Уларнинг уйидан чиқиб кенжа ўғлимнинг уйига бордим. Ўша ишни яна такрорладим. Келиним тонгда ёнимга келди. Унга ҳам ўрнимни ҳўл қилганимни айтдим. У:

— Ойижон, хижолатга ўрин йўқ, бу оддий ҳол. Гўдаклигимизда сиз оналаримизнинг либосларингизни ҳўл қилиб қўярдик. Сизлар малолланмасдан тозалардингиз. Ҳечқиси йўқ, ойижон, — деди.

Ва кўрпа-тўшакни олиб ювиб тозалади.
Сўнг унга:
— Қизим, бир дугонам мендан у учун узук сотиб олишимни илтимос қилди. Мен унинг бармоғининг ўлчамини билмайман. Унинг қўллари тахминан сизникичалик. Ўлчамингиз нечи? — деб сўрадим.

Ўғлимнинг уйидан чиқиб, тўғри заргарлик дўконига бордим. Бор маблағимга узуклар, тақинчоқлар олдим. Ўзимга яраша тўплаган пулим катта миқдорда эди.

Уйимга ўғилларим, келинларимни чақирдим. Тилла тақинчоқларни уларнинг олдига қўйдим. Бўлган воқеани баён қилдим. Мен кўрпа-тўшакка бавл қилиб қўймаганим, синов учун сув тўкканимни айтдим. Тиллаларни кичик келинимнинг қўлларига тутқазиб:
— Қарилик пайтимда хотиржам суянишим, бирга яшашим мумкин бўлган қизим — бу. Қолган умримни у билан кечираман, — дедим — у, икки катта ўғлимга қараб, — худди шу кундагидек надоматга тайёр туринг! Чунки, сизнинг менга муносабатингиз албатта фарзандларингиздан қайтади. Мен сиз иккингизга чиройли тарбия бераман деб ҳаракат қилганим, заҳмат чекканларим бесамар кетганидан афсусдаман. ИншаАллоҳ сизларнинг укангиз ўз аҳли ила бу дунёда масрур яшаб, Роббисига ёруғ юз билан йўлиқади. Афсуслар бўлсинки, сизлар онангиз қадр-қийматини аёлингизга билдира олмаганингиз учун бундан маҳрумсизлар! — дедим.

Расулбек ИБРАГИМОВ,

“Оқибатлилар”дан


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.