18 +  RSS  E-mail
13:09, 12 06 2019

Фармацевтика Наманган иқтисодиётининг йирик тармоғига айланмоқда


Иқтисодиётнинг диверсификацияси натижасида фармацевтика соҳасининг улуши Наманган вилояти иқтисодиётида салмоқли ҳажмга эга бўлмоқда. Ҳозирда Наманган дори-дармон ишлаб чиқаришда республиканинг энг олд вилоятларидан бирига айланди.

Наманган туманида вилоятнинг энг йирик фармацевтик корхонаси — “Merrymed Farm” МЧЖнинг навбатдаги мажмуаси расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Инфузион эритмалар, кўз томчилари, пластик ҳамда шиша ампулаларда инъекцион эритмалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бу бўлимнинг лойиҳаси, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил июль ойидаги Наманган вилоятига ташрифи чоғида тақдим этилганди. Икки йил ичида қиймати 25 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилди.

Тантанали маросимда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров,  “Президент ташрифидан олган куч-қувват ва шижоат билан, “Merrymed Farm” корхонаси раҳбарлари томонидан қисқа давр ичида 7 йўналишда 120 турдаги янги дори-дармонлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 20 минг метр квадрат майдонда янги бўлим қуриб битказилди. Бу бўлимнинг ишга тушиши билан 300 та янги иш ўрни яратилди», деб таъкидлади.

Очилиш маросимида, шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов, “Merrymed Farm” корхонаси раҳбари Насимжон Азизов ҳам нутқ сўзлашди.

2010 йилда 30 ишчи билан ўз фаолиятига бошлаган “Merrymed Farm” МЧЖда бугун 700 та иш ўрни яратилган, йиллик қуввати 120 миллион ўрамга яқин дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмига эга Фарғона водийсидаги энг йирик, республикада кучли учликка кирувчи фармацевтик корхонадир. Вилоятда ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг 97 фоизи “Merrymed Farm” ҳиссасига тўғри келади. Корхона цехларида таблеткалар, капсулалар, инъекцион ва инфузион эритмалар, мазлар, сироплар, суспензиялар, кукун кўринишидаги антибиотиклар ишлаб чиқарилмоқда. Янги ишга туширилган бўлимда йилига 15 миллион 600 минг флакон, жами қиймати 30 миллиард сўмга яқин бўлган глюкоза, натрий хлорид, рингер, метронизадол, сипроксин ва бошқа дори воситалари ишлаб чиқарилади.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2016 йил якунларига кўра корхонада 275 киши меҳнат қилган ва тахминан 59 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. 2017-йил якунида эса ходимлар сони 360 га, ишлаб чиқарилган маҳсулот қиймати 105 миллиард сўмга тенг бўлган. Ўтган йил сўнггида эса “Merrymed Farm”да меҳнат қилаётган ходимлар 650 киши, йиллик маҳсулот қиймати эса 202 миллиард сўмдан ошиқ бўлган.

2017 йилдан Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистонга ўз маҳсулотларининг экспортини йўлга қўйган “Merrymed Farm” МЧЖ ўтган йили 700 минг АҚШ доллари қийматида хорижга ўз маҳсулотларини жўнатган. Жорий йилда эса 1,5 миллион АҚШ доллари қийматида экспорт режасини белгилаб олган.

Наманган вилояти хокимлиги ахборот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.