18 +  RSS  E-mail
11:08, 29 05 2019

Германияда орттирилган тажрибалар амалиётда қўл келади


Сув ресурсларини минтақавий, миллий ва локал бошқаришда Европа Иттифоқининг роли, Германиянинг Халқаро сув ресурслари бўйича дастури, мазкур мамлакатда сув ресурсларини бошқаришда фуқароларнинг иштироки, сув мавзусини оммавий ахборот воситаларида ёритиш.

Яқинда Германияга уюштирилган ўқув сафаримиз чоғида ана шу масалалар муҳокама қилинган семинарларда қатнашдик. Сафарни Марказий Осиё минтақавий экологик маркази “Ўзбекистонда сув ва экологик барқарор ривожланиш учун хабардорликни ошириш ва ҳамкорлик. 3-компонент” (UzWaterAware) лойиҳаси доирасида уюштирди.

Ўқув сафари ташкилотчиси ва иштирокчилардан олинган интервьюларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Шаҳноза Умарова, Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари:

“Ўзбекистонда сув ва экологик барқарор ривожланиш учун хабардорликни ошириш ва ҳамкорлик. 3-компонент” (UzWaterAware) лойиҳаси Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилади. Лойиҳанинг миллий ҳамкори Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги.

Сафар учун Германия танланганининг сабаби, бу мамлакатда жамоатчилик билан ишлашда охирги йигирма йил ичида бой тажриба тўпланган. Германия сув танқислигини бошдан кечирмаса ҳам, уларда экологик билимлар мактаб давридаёқ болалар онгига сингдирилади. Ёшлар оилаларда, олий ўқув ўртларида экологик билимларини оширадилар. Барча фуқаролар ёшлигиданоқ сувдан оқилона фойдаланиш бўйича тушунчаларга эга бўлади. Келгусида Ўзбекистонда ҳам таълим соҳасида дарслар ёки аҳолининг экологик билимларини оширишга қаратилган алоҳида тадбирларни жорий этиш учун бу соҳада Германия билан тажриба алмашиш манфаатли бўлади, деб ҳисоблайман.

19 кишидан иборат делегациямиз сафида турли йўналишлар бўйича мутахассислар бор эди. Ўқув сафаримиз Германиянинг атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш ва ядро хавфсизлиги федерал вазирлигидаги учрашув билан бошланди. Шуни таъкидлаш жоизки, мулоқот чоғида делегациямиз сафида бўлган Урганч шаҳрида KRASS нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассиси немис ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган Хоразм вилоятидаги лойиҳаларни амалга татбиқ этиш бўйича тажрибаларини гапириб берди. Ушбу лойиҳалар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Умуман олганда, ўзбекистонлик гуруҳ аъзолари ўқув сафари давомида Германиянинг тўртта шаҳрида бўлди. Давлат муассасалари, жамоат ташкилотлари, илмий тадқиқот институтларида 10 та расмий учрашувларни ўтказди. Уларда сув ва экология бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳада қарор қабул қилишда жамоатчиликнинг иштироки ҳақидаги масалалар муҳокама қилинди.

Альфия Загрутдинова, “Maxima” радиостанциясининг ахборот хизмати шеф-редактори:

Шу жиҳат яққол кўзга ташланадики, асосан Германия аҳолиси ва жамоат ташкилотлари барча янги ғояларни, жумладан, сувни эъзозлаш, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш каби йўналишларда янгиликларни жорий этиш ташаббускоридир. Айнан улар мавжуд муаммоларга ечим топиш мақсадида лойиҳаларни илгари суради, илмий-тадқиқот институтларига мурожаат қилишади. Шундан сўнг тегишли қарорлар қабул қилинади, уларнинг ташаббуслари ҳаётга татбиқ қилинади.

Шубҳасиз, ўқув сафари жудаям билимларга бой, мазмунли ва қизиқарли бўлди. Сафар ташкилотчиси Марказий Осиё минтақавий экологик маркази кўплаб жиҳатларни қамраб олишга ҳаракат қилган. Ва уларнинг барчаси қайсидир маънода сув, сувни асраш, уни барқарор бошқариш масалалари билан бевосита боғлиқ.

Сув соҳасидаги коррупция масалаларини, сувдан фойдаланиш ва унинг санитар ҳолатини ўрганувчи нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари билан учрашув ҳам катта таассурот қолдирди.

Елена Кан, Хоразм вилоятидаги KRASS нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассиси:

Ташкилотимиз Германиянинг Бонн университети, ушбу шаҳарда жойлашган Ривожланиш бўйича тадқиқотлар маркази каби нуфузли университетлар ва тадқиқот муассасалари билан кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келади.

Ҳозирда биз Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти, Табиатни ҳимоя қилиш бўйича Михаэл Зукков фонди ҳамда Ўзбекистон ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда дарёнинг қуйи оқимларида ердан фойдаланишда экотизимлар ва ёндашувлар бўйича ҳудудий лойиҳани амалга ошираяпмиз.

Ўқув сафаримиз давомида Германияда давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлиги бўйича кўплаб мисолларга гувоҳ бўлдик. Уларнинг сув ресурсларини асраш бўйича аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида олиб бораётган тарғибот ишлари билан танишдик. Умид қиламанки, Германияда орттирган тажрибаларимиз, жумладан, фуқаролик жамиятларининг сувни асраш бўйича лойиҳаларга муносабати ва иштироки билан боғлиқ жиҳатлар амалиётда қўл келади.

Ш.СУЮНОВ,

Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.