18 +  RSS  E-mail
12:40, 28 05 2019

Бухорода салкам юз йиллик танаффусдан кейин ипак қоғози ишлаб чиқариш йўлга қўйилди


Бухорода таниқли халқ амалий устаси, миниатюрачи рассом, “Шуҳрат” медали соҳиби Даврон Тошев ташаббуси билан қадимий усулда ипак қоғози ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

— Аждодларимиз ўтмишда бу нозик ҳунарнинг устаси бўлишган, — дейди Д.Тошев. — Бу соҳа хусусан, XV-XVI асрларда жуда равнақ топган. Тарихий манбаларда Бухоронинг қадимий Кобдин ариғи бўйида ипак қоғоз тайёрловчи 200 дан зиёд устахонанинг мавжуд бўлгани тўғрисида маълумот учрайди. Воҳамизда бу иш билан шуғулланган охирги уста 1940 йилда вафот қилган. Шуни инобатда олсак, салкам 100 йилдан буён Бухорода ипак қоғоз тайёрланмаётгани маълум бўлади.

Эътиборли жиҳати шундаки, Даврон ака ипак қоғоз ишлаб чиқаришни кластер усулида йўлга қўйди. 15 та янги иш ўрни яратди.

— Буни муҳтарам Президентимизнинг Бухорога қилган ташрифлари самараси деб биламан, — дея давом этади уста. — Гап шундаки, вилоят ҳокими томонидан бизга ўз ҳунармандчилик марказимизни барпо этиш ва кластер усулида ишлашимиз учун 1 гектардан зиёд экин майдони ажратилди. Бу майдонга тут кўчатлари ўтқазганмиз. У бизга хом ашё вазифасини ўтаяпти. Тут шохи пўстлоғини қайта ишлаш орқали жуда сифатли ипак қоғози тайёрлашга муваффақ бўлаяпмиз. Шогирдларим билан миниатюра асарларини шу қоғозга тушираяпмиз. Тайёр ижодий маҳсулотларимиз эса миниатюра санъати ихлосмандлари, айниқса, хорижий сайёҳлар томонидан сотиб олинаяпти.

Бир сўз билан айтганда, даладаги оддий тут кўчати пировардида инсон ақл-заковати, истеъдоди шарофати билан санъат асарига айланмоқда.

— Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кўплаб мамлакат фуқаролари учун виза режими бекор қилинганидан хабардорсиз, албатта, — дейди ҳунарманд. -Мен бунинг иқтисодий самарасини ўз фаолиятимда кўраяпман. Марказни қуриш жараёнида яширмайман, маблағ етишмовчилигига дуч келиб қолдим. Шундай ташвишлар билан юрганимда устахонамга Исроил давлатидан уч нафар сайёҳ кириб келди.Улар ижодий ишларимни томоша қилишди. Суҳбат асносида визасиз режимнинг жорий этилиши туфайли ўзларида Ўзбекистонга келиш фикри туғилганини айтиб қолишди. Уларга “Жаннатга йўл” деган асарим маъқул тушди. Бу композиция устида салкам бир йил меҳнат қилганман. Нархи ҳам шунга яраша, албатта.Хуллас, асарни 9 минг АҚШ долларига сотиб олишди. Бу маблағ марказ қурилишида менга жуда асқотди. Буёғига хулоса ясаш ўзингизга ҳавола…

Дарвоқе, ипак қоғози тайёрлаш тўғрисида. У бир неча жараёндан иборат. Даставвал, тут шохлари қозонда қайнатилади ва пўстлоғи ажратиб олинади. Пўстлоқ ҳам алоҳида қайнатилиб, юза қисмидан фориғ этилади. Шу тариқа у мағз ҳолатга келади. Ипак қоғоз тайёрлашнинг самарқандча усулидан фарқли тарзда бу мағз сув воситасида эмас, балки қўл кучи ёрдамида обдон эзилади. Буни усталар Бухорода сувнинг тақчиллиги билан изоҳлашди. Ҳосил бўлган хом ашё шундан сўнг сувга солиниб, махсус рамка ёрдамида қоғозга айлантирилади. Бу ерда шунингдек, пахта чиқиндисидан ҳам қадимий усулда қоғоз тайёрланаяпти.

Айтмоқчи, яқинда “Уста Даврон миниатюра маркази”нинг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Марказдан сайёҳлар қадами узилмаяпти.

Истам ИБРОҲИМОВ.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.