18 +  RSS  E-mail
12:10, 14 05 2019

Аҳоли бандлигини таъминлаш — энг муҳим вазифа


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида  аҳолини, айниқса, аёлларни иш билан таъминлаш, даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, кўрсатмалар берилди. “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган оилалар аниқланиб, уларга имтиёзли кредитларни тўлиқ ажратиш зарурлиги қайд этилди.

Ташриф чоғида белгилаб берилган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича шаҳар ва туманларда янги иш ўринларини яратиш манзилли дастури ишлаб чиқилди.

Ана шу топшириқлар ижросини амалга ошириш мақсадида Фарғона вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев вилоятнинг барча шаҳар-туманларида тадбиркорлар, лойиҳа ташаббускорлари билан учрашувлар ўтказди. Вилоят ҳокими билан бирга вилоят секторлари раҳбарлари ҳам иштирок этдилар.

Бешариқ туманидаги тадбиркорлар билан ўтказилган дастлабки учрашувда вилоят ҳокими Президентимиз томонидан таъкидлаб ўтилган масалалар ижросига бешариқликлар масъулият билан ёндашишларига ишонч билдирди. Аҳоли фаровонлигини ошириш учун тадбиркорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, ишбилармонларга бу борада берилаётган имтиёзларга тўхталиб ўтди.

— Сектор раҳбарлари хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратишлари лозим, — деди вилоят раҳбари. -Ташаббус, янги лойиҳалар қўллаб-қувватланади, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги муаммоларга иложи борича ечим топилади. Бемалол фаолият юритиш зарур, дадил қадам босиш муҳим.

Бешариқ туманида жорий йилда 374 та лойиҳа амалга оширилади. Тўртта сектор ҳудудида 25 минг иш ўрни яратилиши кўзда тутиляпти. Тикувчилик, тўқувчилик, жун ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, гилам тўқиш, дўппидўзлик, кўрпа тикиш, каштачилик, гуллар ва декоратив дарахтлар етиштириш, заргарлик буюмлари тайёрлаш, иссиқхона ташкил этишга оид лойиҳалар манзилли дастур асосини ташкил этиб, уларнинг амалга оширилиши бешариқлик аёллар бандлигини таъминлайди.

Мулоқотда мутасадди ташкилотлар вакиллари сўз олиб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлганларга тавсиялар бердилар, тадбиркор ва ҳунармандларга берилаётган имтиёзлар, имкониятлар ҳақида айтиб ўтдилар.

“Бешариқ ипаги” масъулияти чекланган жамияти томонидан туманнинг турли ҳудудларидан 1000 гектар ер майдони ажратилиб, тут плантациялари барпо этилади, пилла етиштирилади.

— Пиллани ўзимиз етиштириб, шу ерда қайта ишлаймиз, — дейди тадбиркор Мақсуджон Қосимов. — Йилига 400-500 минг долларлик маҳсулотларни хорижга экспорт қиламиз. Асосийси, лойиҳамиз амалиётга татбиқ этилиши билан 14 мингта янги иш ўрни пайдо бўлади, туманимиз аёллари бандлиги таъминланади. Ҳозирча 3 мингдан ортиқ хотин-қизлар ишли бўлди.

Учрашув давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. Муаммо ва таклифлар ўртага ташланди.

Фарғона вилояти ҳокими лойиҳа ташаббускорлари билан учрашувни Учкўприк туманида давом эттирди. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фарғонага ташрифи чоғида вилоятга 27 триллион сўмлик лойиҳалар бажарилиши учун маблағ ажратилишини айтган эди.

Туманда 26500 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, 3438 та тадбиркор рўйхатга олинган. Бувайда туманида эса 381 та тадбиркор рўйхатга олиниб, 28 мингта иш ўрни яратиш режага киритилган. Бу эса вилоят бўйича йил охирига қадар 300 мингдан ортиқ яратиладиган иш ўрнига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.

Риштон туманида вилоят ҳокими билан бўлиб ўтган тадбиркорлар учрашуви чоғида туманнинг кулолчилик соҳасида донғи кетганлиги, ҳозирги кунда тадбиркорга 31 миллион сўмгача гаровсиз маблағ берилаётганлигига алоҳида эътибор берилди. 

Шунингдек, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев туманда 10 мингта тадбиркор рўйхатдан ўтадиган бўлса,  рўйхатдан ўтишга зарур 2 миллиард сўмдан ортиқ тўлов вилоят ҳокимлиги томонидан тўлаб берилишига ваъда берди.
Туманда ҳозирда 2166 та тадбиркор рўйхатга олинган бўлиб, 25 мингта иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Фурқат туманида 1024 та тадбиркор рўйхатга олинган бўлиб, янги 15 мингта иш ўрни яратиш режага киритилган.

Вилоят ҳокими Фурқат туманида асосан ёғоч ўймакорлиги ҳунармандчилик тури ривожланганига алоҳида урғу берди. “Юсуфали наққош” оилавий корхонаси томонидан иккита катта корхона ташкил қилиб, қўшимча 5 мингта ёшлар учун иш ўрни яратишга келишилди.

Олтиариқ туманидаги учрашувда вилоят ҳокими тадбиркорликнинг ўзига хослигига алоҳида эътибор қаратди.

— Президентимизнинг 6-7 май кунларидаги Фарғона вилоятига ташрифи чоғидаги энг муҳим топшириқлардан бири миллий ҳунармандчилигимизга асосланган янги иш ўринлари яратишдир. Бундай катта масъулиятни зиммамизга олдик. — деди вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.

Олтиариқда 28 мингта иш яратилади, ҳозиргача  717 та тадбиркор рўйхатга олинди. Асосан аёллар учун бахмал, кўрпа-тўшак тайёрлаш соҳасида корхоналар очилади.

Олтиариқда аёллар бандлиги учун яратиладиган иш ўринларидан ташқари қўшимча узумзорлар яратиб иш ўринлари ташкиллашга тавсия берилди.

Аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган бу каби учрашувлар барча шаҳар-туманларимизда Ўзбекистон, Данғара, Қува, Бағдод, Ёзёвон, Тошлоқ, Фарғона, Қўштепа туманлари, Марғилон, Қўқон шаҳарларида ҳам ўтказилди. Хусусан, Қувада анорчилик ва гилосчилик, Олтиариқда узумчилик, Қўқонда ҳунармандчилик, Қўштепада ипакчилик асосий иш ўринлари яратиш учун ривожлантирилади. Қўштепа туманидаги “Исмоилжон гиламлари” корхонаси фаолияти намуна сифатида кўрсатилди.  Ушбу корхона ҳозиргача 11 та жойда филиал ташкил этиб, 4500 та иш ўрни яратган. 

Вилоят ҳокими 10 кун муддатда тадбиркорлар фаолияти ташкил бўлганидан сўнг яна улар билан мулоқот ўтказади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.