18 +  RSS  E-mail
14:48, 25 03 2019

Жиззахда театр томошалари хафталигининг очилиши катта байрамга айланди


Аслида, театр бу — ҳаёт кўзгуси, муқаддас даргоҳ. Ўзбек театр асосчиларидан бири Махмудхўжа Беҳбудий таъбири билан айтганда, театр — ибратхонадир.

Дархақиқат, 1961 йили театр санъатининг халқаро тинчлик ва бирдамлик ишига катта ҳисса қўшишини эътиборга олган ҳолда ЮНЕСКО ҳузуридаги Халқаро театр институтининг IX конгрессида “27 март – Халқаро театр куни” деб эълон қилинган.

Бугун мамлакатимизда шахсан Президентимизнинг ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари билан маданият ва санъат, хусусан театрни ривожлантириш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бирига айланди.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ театр куни олдидан бир ҳафта давомида барча театрларда очиқ эшиклар кунларини ўтказиш, ҳар бир томошабинни кутилган меҳмон сифатида қаршилаш ҳамда ижодкорлар билан томошабинларнинг жонли суҳбатларини ташкил қилиш белгиланган.

Қўҳна ва ҳамиша навқирон Жиззахнинг қоқ марказида жойлашган Жиззах вилоят мусиқали драма театрида бошланган ҳафталикнинг очилиш маросими юртимизда кириб келган Наврўз байрами билан уйғунлашиб кетди. Театр ҳовлиси байрамона, турли спектакллар декорациялари, турфа рангли ҳарир пардалар билан безатилди.

Жиззахликлар ва шаҳар меҳмонларини карнай-сурнай садолари театрга чорлади. Каттаю-кичик меҳмонларни театрнинг барча артистлари ҳар хил спектакллардаги қаҳрамонлар образларида кутиб олдилар.

Маросимни вилоят маданият бошқармаси бошлиғи К.Фархадов табрик сўзи билан очиб берди.

Шу ўринда, айтиш жоизки, мустақил Ватанимиз санъати тарихида ўзининг 98 йиллик тарихига эга бўлган Жиззах вилоят мусиқали драма театрининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Инқилобга қадар Абдулкарим Маҳмур Коризий, Муаззамхон, Убайдулло Ислом ўғли Аламкаш, Мирзиёқори, Махзун, Муҳаммад Ризо, Муаттархон, Инъонхон Маҳмуд сингари шоир ва ёзувчилар, халқ бахшилари Жиззахда яшаб ижод қилишган.
Шунингдек, Нормат қизиқ, Абдураҳмон хофиз, Пўлат қори, Ахмад хўжа, Мансур қизиқ, Асат қизиқ, Али қизиқ ва Баҳриддин сурнайчи кабилар қўғирчоқбозлик санъати билан машҳур бўлганлар. Улар халқ орасида ўзларининг кичик саҳна кўринишларини намойиш этиб келганлар.

Инқилобдан сўнг, Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Сарвар Азимов, Назир Сафаров, Шукрулло Саъдулла, Анқабой (Худойбахтов), Насрулло Охундий, Орифжон Икромов, Баҳром Иброхимов (Йўқсил), Қодиржон Имомовлар Жиззахда барча санъат турлари қаторида театр санъатининг шаклланишида муҳим роль ўйнаганлар.

Бу улуғ даргоҳда кўплаб улуғ артистлар фаолият кўрсатганлар. Жумладан, марҳум санъаткорлар — Ўзбекистон халқ артистлари Хусан Амирқулов, Хосият Азимова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Ғофир Ҳамидуллаев, Ғолиб Йўлдошев, Икром Турсунов, Мавжуда Рахматова, етакчи актёрлар Улфат Юнусова, Қундуз Хўжаева, Неъмат Азимовлар ўзбек театр санъати ривожига муносиб ҳисса қўшганлар.

Бугунги кунда ҳам мазкур театрда устоз санъаткорлар Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Олия Эштўхтарова, Жўра Исроилов, Жамила Деҳқонова, Абдусоли Норматов, Раиса Абдуллаева, шунингдек театр бош режиссёри Илҳом Норматов билан бир қаторда истеъдодли ёш актёр ва режиссёрлар Бахтиёр Холматов, Бахтиёр Эшматов, Ҳамроз Маҳмудов, Вазира Мирзаева, Дилшод Норматов, Сарвар Мустанов, Наргиза Мирзаева,Гулзода Ғаниева, Умид Нурматов, Шоҳрух Йўлдошевлар самарали ижод қилиб келишмоқда.

Байрам аввалида театр ҳовлисига ўрнатилган катта саҳнада театрлаштирилган томошалар ташкил этилди. Шундан сўнг, томошабинлар театр фойесида ташкил этилган спектакллар декорациялари ва либослари, театр тарихидан сўйлагувчи музей эскпонатлари, китоблар кўргазмаларига таклиф этилдилар.

Саҳнанинг сеҳрли олами барча замон ва барча даврларда ҳам кишиларни ҳайратга солиб келган. Театр томошалар залида актёрлар ва томошабинларнинг жонли мулоқотлари, айниқса, таассуротларга бой бўлди.

Бунда театр мухлислари ўзларини қизиқтирган театр ва санъаткорларнинг шахсий ҳаётлари ва ижодлари билан боғлиқ барча саволларга ижодкорлардан тегишли жавоб олдилар.

Очиқ мулоқотдан сўнг, томошабинларнинг севимли спектакллари Э.Хушвақтов қаламига мансуб бўлган “Кўнгил гулдек нозик” комедияси театр томошалари ҳафталигини очиб берди.

Спектаклда ёши улғайган ва аллақачон ўзига қарамай қўйган бир аёлнинг турмуш ўртоғи томонидан тақдим этилган бир даста гул туфайли қайтадан ёшариши, аслида бу гул йўлакдан топиб олингани боис уйга келтирилганини билгач, алам ва изтиробга тушгани енгил кулгу остига олинган.

—  Айнан шу комедиянинг тарбиявий аҳамияти катта экан. — дейди томошаларда иштирок этаётган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти ходими Элнур Эгамов. — Уй бекалари қачонки, ўзларига яхши қараб,  рўзғорда сарамжону-саришта бўлсалар, турмуш ўртоқлари ҳамиша уйга талпинади. Оила мустаҳкам, тинч ва бахтли бўлади. Бу спектаклни барча оила аъзолари кўришини истардим…

Театр томошалари ҳақида томошабинлар ўз фикр ва мулоҳазаларини ҳам билдирдилар.

—  Тўғриси, айрим аёллар, умуман юртдошларимиз кейинги пайтларда кўпроқ кўнгил ёзиш учун чойхоналарга ёки тўй ва бозорларга боришади. — дейди вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси бўлим бошлиғи М.Тошева.-  Бундай театрларга тушиб туриш фойдадан ҳоли эмас экан. Чунки бир ярим соат давом этган спектакл намойиши пайтида ўз турмуш ўртоғидан гул совға олган аёлнинг қалби қанчалар қувончга тўлишини кўриб ҳам йиғладим, ҳам кулдим. Бу чинакам ибрат олса арзийдиган томоша.

Ҳа, ибрат мактаби бўлган театр барчани ҳафта давомида ўз томошаларига чорлайди. Ўтказиб юборманг, энг сара, турли жанрдаги спектакллар намойиши давом этади.

Нодира АЛИМОВА,

Жиззах вилояти мусиқали драма театри раҳбари.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.