18 +  RSS  E-mail
10:12, 09 03 2019

Жирканчли ҳаёт ёхуд ноғорага ўйнаган қизлар


Д.М. эндигина 17 ёшга кирган пайтида суд томонидан 360 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси берилган.

Жазони ўтаб бўлгач, масъулияти чекланган жамиятда ишчи бўлиб ишлаб келган.

Д.М.нинг  ҳамкори Ф.О. 33 баҳорни кўрган. Вақтинчалик ишсиз бўлган бу  шахс гўшанга билан ёр- ёрлар  айтиб келин бўлиш, қайсидир йигитнинг суюкли ёри, қайсидир оиланинг бекаси бўлиш ўрнига муқаддас китобларда  ҳаром дея айтилган ифлос ишларга бош бўлиб юрган.

Ёшгина қиз тайинланган жазони тўлиқ ўтаб бўлганлигига қарамасдан, енгил даромад топиш мақсадида ўзга шахсни жинсий эксплуатация қилиш мақсадида ёллаб, икки нафар қизни фоҳишалик билан шуғулланишга жалб қилган ҳолда одам савдоси жиноятини содир этди. Бир гуруҳ бўлиб ғаразли ниятларда такроран қўшмачилик қилиш ва фоҳишахона  сақлаш жиноятларини ижтимоий хавфли қилмиш эканлигини англагани ҳолда содир этди.

“Жуфтлик” деб номланган бу аёллар энг разил фаолият турини бошлаганлар. Дунёдаги энг ифлос ишга муккасидан кетганлар…

Жумладан, Д.М. ўзи билан бирга яшаб келаётган, 1997 йилда туғилган М.С., 1996 йилда туғилган Г.Т. исмли қизларни фоҳишалигидан фойдаланиб, уларни уйида яшаб келаётганлиги сабабли ижара пулини тўлатиш баҳонасида Р. ва Д. исмли шахслар билан бирга бўлишлари эвазига 50 минг сўмдан пул олган. 

Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, бундай қабиҳликлар  такрорланиб, Д.М.нинг чўнтакларига ҳаром пуллар тушиб турган…

Уларнинг қармоғига асосан “пули бўлмаганлигидан қийналиб қолган” аёллар илинган ва қўшмачи гуруҳ иштирокида моддий томондан пул билан таъминланганлар.

Ўзининг гулдек танасини сотишдан ор қилмаган қизлар эса Д.М.нинг ноғорасига ўйнайверишган.

Шундай қилиб, одам савдоси билан шуғулланишга аҳд қилган гуруҳнинг кирдикорлари  очилиб қолди.  Жирканч ишга муккасидан кетганлар қонун олдида жавоб беришди. Суд ҳукми билан Ф.О.га 2 йил 6 ой, А.М.га 3 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси, Д.М.га эса 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ойдин НУРИЕВА.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.