18 +  RSS  E-mail
15:00, 28 02 2019

Ёшлар аждодларимиз бой илмий мероси билан таништирилди


Бу борадаги вазифаларни амалга оширишда аҳоли вакиллари, айниқса ёшларни ўқув фанларига ва китобга бўлган муносабатини ижобий томонга йўналтириш алоҳида аҳамият касб этади. Шу сабабдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ўз маърузаларида ёшларни маънан баркамол руҳда тарбиялаш мақсадида уларда китоб ҳамда мутафаккир аждодларимизнинг илмий ва адабий меросига бўлган қизиқишларини ошириш лозимлиги хусусида таъкидлаб келадилар.   

Ҳукуматимиз томонидан таълим соҳаси ходимлари олдига қўйилаётган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, ўқувчи ёшларни аждодларимизнинг бой илмий мероси  билан таништириш, уларда аниқ фанларни ўрганишга бўлган иштиёқни кучайтириш ва рағбатлантириш мақсадида, 17-сон умумтаълим  мактабининг 5-6-синф ўқувчилари билан Урганч шаҳридаги Абу Райҳон Беруний музей ёдгорлигига саёҳат уюштирилди.  

Саёҳат давомида ўқувчи ёшларга Абу Райҳон Беруний шарқ алломалари  ичида энг сермаҳсул илмий фаолият олиб бориб, ўзининг математика, физика, астрономия, география минералогия, тарих, фалсафа, адабиёт,  этнография ва бошқа фанларга оид асарлари билан инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган олимлардан бири эканлиги  ҳақидаги маълумотлар берилди. 

Абу Райҳон Беруний илмий фаолиятини 16 ёшидан бошлаб, то умрининг  охиригача илмий асарлар ёзганлиги, жадваллар  тузганлиги,  табиат  ва коинотни кузатганлиги, бошқа тиллардаги асарлар таржимаси билан шуғулланганлиги ҳамда олим  яратган  асарларнинг 70 таси астрономия, 20 таси математика, 12 таси география ва геодезия, қолганлари эса  физика,  минералогия, тарих,  фалсафа, адабиёт, этнография ва бошқа фанларга тегишли эканлиги тўғрисидаги маълумотлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.  

Ўқувчи ёшларда буюк олим томонидан яратилган кашфиётлар хусусида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш мақсадида Абу Райҳон Беруний илм аҳлининг  қадрига етувчи Хоразмшоҳ Маъмун раҳнамолигида шу даврдаги жами олимларини  уюштириб, “Маъмун  академия”сини барпо қилганлиги ҳусусида маълумотлар етказилди. Бу олимлар орасида Абу Али ибн Сино, Абу Али Мисқабия, Абу Саҳл Масиҳий, математик Абу Наср Ироқ, табиб Абул Ҳайр ибн Ҳаммор каби алломалар ҳамда ўша даврда ўнлаб шоирлар, тарихнавислар ҳам баракали  ижод қилганликлари билдирилди.

Шунингдек, Берунийгача бўлган даврда юнонлар Атлантика соҳилини дунёнинг охири деб ҳисоблаганликлари, фақатгина яқин ороллар — Канар, Мадейра ва бошқанигина билганликлари ва Узоқ Шарқдан нариги томонини билмаганликлари ҳақида сўзлаб берилди.

Беруний ўз асарида “Бизга маълум бўлган дунёдан (шарқий ярим шардан) ташқарида, сувлар билан ерларнинг бўлишини тахмин қиламиз “ деган фикрни илгари сурганлиги, бу билан, ғарбий ярим шарда яхлит бир қуруқликнинг, кейинчалик Америка деб номланган қитъанинг  мавжудлигини Беруний  XI аср бошидаёқ, яъни европалик олимлардан 450 йилча олдин айтган. 

Шунингдек, Абу Райҳон Берунийнинг Ер тўғрисидаги фанлар ривожига қўшган яна бир улкан ҳиссаси — дунё олимлари ичида биринчи бўлиб ернинг кичрайтирилган, диаметри тахминан 5 метр бўлган шакли — глобусни ясаганлигидир.

Олим бу  асарларида Ернинг шар шаклида эканлиги,  унинг сиртидаги сувлар (океанлар сатҳи)  бўртма ҳолатдалиги  ҳақида  ёзган. XX асрда Америка олимларининг  фазодан туриб олиб борган илмий  кузатувлари  Берунийнинг бу фикрларини тўла тасдиқлаганлиги маълум қилинди.

Ўша даврда ернинг шакли чигал бўлиб турган бир пайтда олимнинг Ер шарсимонлигига қатъий ишонган ҳолда, аниқ ҳисоб ишлари асосида глобусни ясаши фан оламидаги буюк кашфиёт эканлиги таъкидланди.  

Рус шарқшуноси И.Ю.Крачковский “Беруний  қизиққан  соҳаларни  санаб чиқишдан кўра, унинг қизиқмаган  соҳаларини  санаб  чиқиш  осонроқдир”, деб таъриф берган.   

Шунингдек, ўқувчи ёшларга америкалик   тарихчи   олим  Ж.Сартон томонидан бутунжаҳон  фан  тарихида  XI  асрнинг  биринчи ярмини  Беруний  даври  деб   номлаганлиги, Аурел  Стейн эса  Берунийни  XI асрнинг  Леонардо  да Винчиси деб атаганлиги, рус олими  С.Толстов  эса  олимнинг  даҳолигини янада  юксакка кўтариб: “Италян олими Леонардо да Винчини “XV аср Берунийси”, Птоломейни “II аср Берунийси” десак мантиқан тўғри бўларди”, деб баҳо берган. 

Абу Райҳон Берунийга фан оламида шуҳрат келтирган асарлардан яна бири унинг “Ҳиндистон” асаридир. Олим Ҳиндистон маданияти ва тарихини ўрганиш мақсадида, ёши 40 дан ошганда ҳиндларнинг қадимги тили-санскритни ўрганган. Бу тилни шу қадар тез ва мукаммал эгаллаганки, ҳиндларнинг ҳатто қадимий китобларини ҳам синчиклаб ўқий олган ва текширган. Шулар асосида ҳиндларнинг тарихи, урф-одатлари, мамлакати ва тили тўғрисида юқоридаги асар  яратган. 

Жавоҳарлал Неру ўзининг  “Ҳиндистоннинг  кашфи” номли  китобида  Берунийнинг мазкур асари тўғрисида шундай деб ёзган: “Беруний юнон ва   ҳинд фалсафасини  мутолаа  қилмоқ  учун санскрит тилини  ўргана  бошлади. Беруний ҳинд ва юнон  фалсафасини бир-бирига солиштирди, улардаги мавжуд умумийликни кўриб ҳайратда қолди. Берунийнинг китоби ҳақиқий  материалларни қамраб олиши билан бирга, урушлар, босқинчиликлар,  оммавий  қирғинлар бўлишига қарамай, фан аҳллари ўз ишларини давом эттирганликларини кўрсатиб беради. Орани нафрат ва худбинлик  кайфиятлари бузиб турган пайтларда ҳам Беруний, бегона одам  бўла туриб, бу ўлка кишилари аҳволини  тўғри тушунтиришга ҳаракат  қилди”.

Умуман  айтганда, Абу  Райҳон Беруний   буюк  олим, теран фикр  ва кўп  қиррали ақл эгаси бўлган. Унинг илмий-фалсафий фикрлар ривожланиш тарихидаги  хизматлари беқиёсдир.   Берунийнинг   астрономия ва математика,  геология  ва  география,  тарих ва филология,  биология  ва  тиббиёт ҳамда фалсафа  фанларининг  ривожига қўшган хизматлари  бетакрордир. Шунинг учун ҳам фан тарихчилари  “Шарқ фани тарихида Берунийдан янги давр бошланади”, деб ҳисоблайдилар. Буюк бобомизнинг ҳайратомуз ғоялари илмийлиги, олдига қўйган муаммоларининг кенг қамровлиги  билан ҳам у ўз  давридан 500 йилга ва  ҳатто  ундан-да  олдинга илгарилаб кетган.

Саёҳат якунида ўқувчи ёшларни аждодларимизнинг бой илмий меросига нисбатан ҳурмат ва Ватанга дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлаш ҳамда аниқ фанларни ўрганишга иштиёқни рағбатлантириш мақсадида Беруний томонидан Ҳиндистон тўғрисида китоб ёзиш жараёни ниҳоятда қийин бўлганлиги, бу соҳада якка ўзи ишлаганлигини, аммо кучини, вақтини ва пулини ҳам аямай, санскрит тилидаги китобларни излаганлигини, ҳинду тилини ўргатадиган олимларни қаердан бўлмасин қидириб топганини ва бу ишларнинг ҳаммасини шу мамлакатга бўлган муҳаббати туфайли амалга оширганини Берунийнинг ўзи фахрланиб ёзганлиги ҳусусидаги маълумотлар берилди.

Саёҳат натижаси юзасидан ўқувчи ёшларнинг фикрлари ўрганилганда, улар томонидан Беруний илмий фаолияти юзасидан ата маълумотга эга бўлганликлари, буюк аждодимиз илмий меросини ҳамда аниқ фанларни ўрганишга бўлган қизишлари янада ошганлиги, фан машгулотлари жараёнида ёки бошқа холатларда ер юзининг акси – глобус акси намойиш этилган холатларда мазкур анжомнинг дунёдаги биринчи ихтирочиси айнан Беруний бўлганлигидан фахрланиш туйғуларини хис этишлари, буюк аждодларининг ворислари эканлигидан фахрланишларини баён этишди.

Бинобарин, Абу Райҳон Беруний сиймосида биз ўрта асрнинг буюк олимини кўрамиз. Уни Марказий Осиё халқларининг қадимги маданияти тарбиялади. Беруний меросида минг йиллар олдинги қадимий Хоразм тараққиёти мужассамлашган  бўлиб, у ўз  Ватанини севувчи, илм-фан фидойиси бўлган инсон сифатида асрлар оша келажак авлодларга ўрнак бўлиб қолаверади.

Мавлуда РАЖАБОВА,

Урганч шаҳридаги 17-сон умумтаълим мактаби математика фани ўқитувчиси.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.