18 +  RSS  E-mail
13:53, 26 02 2019

Тадбиркорларга кўмак ва маслаҳат берилмоқда


Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар иштирокида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан солиқ ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ қонунчилигига риоя этилишини профилактика қилиш мақсадида ялпи паспортлаштириш (кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш) тадбирлари ўтказилмоқда.

Ишчи гуруҳлар томонидан “Самарқанд Сиёб савдо” мажмуаси ҳудудида ҳамда Самарқанд-Бухоро ва Самарқанд-Тошкент йўналишларидаги автобекатларда ўтказилган паспортлаштириш жараёнида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 463 та камчиликларга йўл қўйилиб келинаётганлиги аниқланди.

Жумладан,  26 та ҳолатда ҳужжатсиз фаолият  юритиш, 9 та ҳолатда фаолият тури гувоҳномага мос келмаслиги, 8 та ҳолатда назорат-касса машиналари ўрнатилмаганлиги, 10 та ҳолатда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан банкда ўз ҳисоб рақамини очмаганлиги, 33 та ҳолатда тўлов терминаллари ўрнатилмаганлиги, 175 та ҳолатда ижара шартномаси тузмасдан фаолият юритиб келинаётганлиги,  21 та ҳолатда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаганлиги ва 181 та ҳолатда тадбиркорлар томонидан  норасмий ёлланма ишчиларни ишлатаётганлик каби ҳолатлар аниқланди.

Ушбу тадбирлар хўжалик субъектларини текшириш билан умуман боғлиқ эмас. Асосий мақсад тадбиркорларга солиқ қонунчилигига риоя этишларига кўмак ва маслаҳат беришдир.

Мазкур тадбирлар чоғида ишбилармонлик субъектларига нисбатан ҳеч қандай маъмурий ҳамда молиявий жарималар қўлланилмади. Шу кунга қадар 263 та ҳолатда хўжалик юритувчи субъектларнинг камчиликлари ҳамкорликда бартараф этилиши таъминланди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.