18 +  RSS  E-mail
13:37, 20 02 2019

Отанинг ўғлига насиҳатлари


1. Спиртли ичимликлар ичишдан ва тамаки чекишдан йироқ бўл!

2. Уйланмоқчи бўлсанг, солиҳа қизни танла. Чунки бахтли ёки изтиробли ҳаёт кечиришингда рафиқангнинг ҳиссаси катта.

3. Хонадонинг учун жиҳозлар сотиб олмоқчи бўлсанг, уч жиҳатга эътибор бер: У ростдан ҳам керакми? У сифатлими? У оила бюджетига жиддий таъсир кўрсатмайдими?

4. Унутма, ҳеч қандай юмуш оиланг ва фарзандларингга меҳр беришдан устун бўлолмайди.

5. Дўстларингдан ишлатиб туришга нимадир олсанг, албатта, уни гўзал ҳолатда қайтаргин!

6. Турли замонавий алоқа воситалари вақтингни, соғлигингни, ақлингни, маблағингни ҳамда яқинларингга ғамхўрлик ҳиссини тортиб олишига йўл қўйма! Чунки улар сенинг узоғингни яқин, оғирингни енгил қилиш учун ишлаб чиқарилган.

7. Инсонларни ўз хизматингга ёлласанг, хизматига яраша ҳаққини ўз вақтида бер.

8. Ҳеч қачон ўзингдан бой ёки сенга нисбатан ночорлардан моддий масалаларда маслаҳат сўрама.

9. Одамларнинг маоши ва қанча пул топишининг сен учун фойдаси йўқ.

10. Ҳар доим ўзинг севган ишни касб қил. Ҳам бахтли бўласан, ҳам яхши даромад топасан, ҳам ишинг сифатли бўлади.

11. Кўп ҳам хотирангга таянаверма. Чунки хотира йўқолиш хусусиятига эга. Билганларингни қоғозга тушир.

12. Фарзандларингга тарбия беришда мўътадил бўл. Қаттиққўлликда ҳам, эркалашда ҳам чегарадан чиқма.

13. Яқинларингнинг муваффақиятини эътироф этишда бахиллик қилма.

14. Инсонлар билан муомала қилишда ахлоқингни йўқотма. Акс ҳолда ҳурматингни ҳам, ҳуқуқингни ҳам йўқотасан.

15. Шахсий маълумотларингни ҳаммага ошкор қилма.

16. Дўстинг ҳақида ижобий фикр, мақтов эшитсанг, буни унинг ўзинг ҳам етказиб қўй.

17. Уйқуга ҳам эътиборли бўл. Ухлаш вақтида дам олиб, танангни эртанги муҳим ишлар учун тайёрла.

18. Уйланмоқчи бўлсанг, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ўзингга тенг бўлган қизга уйлан.

19. Уйингга келган меҳмонни иззат-икром қил.

20. Ҳамма одам ҳақни гапиролмай, қўрқувда турган бўлса, сен ҳақни айтиб, тўғри фикрни баён қил.

21. Табиий инсон бўлгин, мунофиқликдан, иккиюзламачиликдан, сунъийликдан узоқ бўл.

22. Арзимас ишларда тортишиб, вақтингни, асабингни исроф қилма.

23. Қаерда бўлсанг ҳам одамларга яхшилик қилиб, яхши ном қолдиришга ҳаракат қил.

24. Доим ҳалолликка интил. Ҳаромга асло қўл урма.

25. Илм аҳлини, устозларни эҳтиром қилиб, уларнинг илмларидан манфаат олишга ҳаракат қил!

26. Ота-онанг, ака-укаларинг, опа-сингилларинг, яқин қариндошларинг билан алоқани гўзал даражада йўлга қўй.

27. Энг муҳими – НАМОЗингни вақтида адо эт!

Нозимжон ИМИНЖОНОВ.

Интернет маълумотлари асосида

Фото: obu4ayka.ru


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.