18 +  RSS  E-mail
13:37, 19 02 2019

Ўзбекистонда аёллар онкологик касаллигини олди олинади


Юртимизда аёлларда учрайдиган бачадон бўйни саратонининг олдини олишга қаратилган Одам папилломаси вирусига қарши вакцина жорий қилинмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган давра суҳбати шу мавзуга бағишланди. Унда вазирликнинг масъул ходимлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари иштирок этишди.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 370 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, шулардан 190 мингтаси ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Ўзбекистонда эса бачадон бўйни саратони энг кўп учрайдиган саратон касалликлари орасида иккинчи ўринда. Касалликлар орасида хавфлилиги кўрсаткичи бўйича эса бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони хасталикларидан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар орасида бачадон бўйни саратонидан ўлим кўрсаткичи иккинчи ўринда туради. Шундай қилиб, папиллома вируси касалликларининг салмоғи юқори бўлиб, уни олдини олиш учун самарадорлиги юқори ва хавфсиз бўлган одам папилломаси вируси вакцинаси билан эмлаш орқали бачадон бўйни саратони билан касалланишнинг камайишига эришиш мумкин.

— Дунёда ОПВга қарши вакцина билан қизлар 2006 йилдан бошлаб эмланади, — деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул ходими Камола Сафаева. — Юздан ортиқ мамлакатлар ундан фойдаланиш учун рухсат олган, улардан 74 таси вакцинани ўзларининг миллий эмлаш календарига киритган. Кўп йиллик ўрганишлар вакцинанинг самараси 10 йилдан ортиқ эканини кўрсатмоқда. Шу ўринда, кўпчиликни вакцина қизларнинг репродуктив фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайдими, деган савол қизиқтириши табиий. Дунёда ўтказилган тажрибалардан маълум бўлишича, ушбу вакцина қизларни нафақат бачадон бўйни саратонидан ҳимоялайди, балки уларнинг соғлиғини ҳам янада мустаҳкамлайди.

— Миллий эмлаш календари бўйича юртимизда болалар 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши давлат ҳисобидан профилактик эмланади, уларни қўллаш эвазига кўп йиллардан буён қатор касалликларнинг олди олиняпти, — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова. — ОПВга қарши вакцинанинг жорий қилиниши эса бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олишга хизмат қилади. Жойларда Глобал вакцина ва иммунизация альянси ёрдамида қурилаётган музлатгичли омборларда вакциналар сифатли сақланади ва тарқатилади. Вакциналар жорий йилнинг биринчи ярмида юртимизга олиб келина бошлайди ва октябрь ойидан бошлаб 400 минг нафарга яқин 9 ёшли қизлар мактабларда ва тиббиётнинг бирламчи бўғинларида эмланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.