18 +  RSS  E-mail
14:12, 16 02 2019

Тўрт юз нафар ЯТТ солиқ имтиёзларидан фойдаланмоқда


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар  Маҳкамасининг 2017 йил  31 майдаги “Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг  янги  ёндашувлари  ва методларини  синаб кўришга  доир  комплекс  чора-тадбирлар тўғрисида”ги 332-сонли  қарори вилоятда  эксперимент тариқасида  жорий этилган эди.  

Қарорга кўра   2017 йилнинг 1 июлидан 2021 йил 1 январгача Арнасой, Бахмал, Фориш, Зафаробод, Зарбдор, Янгиобод туманларида, шунингдек,  Жиззах вилоятининг  бошқа туманларининг  қишлоқ аҳоли пунктларида маиший (сартарашхона, пойабзал, кийим-кечак, электр маиший ускуналари таъмирлаш ва бошқалар) хизмат  кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар белгиланган қатъий   солиқ тўлашдан озод қилинганлар.

— 25 йилдан бери Зарбдор туманида электр маиший ускуналарини таъмирлаш билан шуғулланаман, — дейди Шавкат Эргашев. — Айнан Жиззах вилояти учун маиший хизмат кўрсатиш тизимига имтиёз берилганини эшитгач туман давлат солиқ инспекциясига мурожаат қилдим. Ҳозирда якка  тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб,  ушбу имкониятдан тўлалигича фойдаланмоқдаман. Тежаб қолинган маблағ эса фаолиятимни кенгайтириш имконини бермоқда.

Мазкур қарор юзасидан Зарбдор туманида 45 нафар якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтиб, солиқ имтиёзларидан фойдаланиб келмоқда. Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки уларга 3 миллион 800 минг сўмдан ортиқ солиқ имтиёзлари қўлланилган.

Жиззах вилоятида саноатни, қишлоқ хўжалигини ва хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш учун захиралар ва имкониятларни сафарбар этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, рағбатлантиришнинг янги ёндашувлари ва усулларини синаб кўриш, юқори даражада қулай бизнес муҳитини шакллантиришда солик имтиёзларининг ҳиссаси юқори.    

— Жиззах вилояти бўйича 401 нафар якка тартибдаги тадбиркорга ушбу қарор билан солиқ имтиёзлари қўлланилди, — дейди вилоят ДСБ солиқ маъмуриятчилиги бўлими бошлиғи Шерали Сулаймонов. — Бунинг натижасида қарийб 32,5 миллион сўмдан ортиқ маблағ тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун улар ихтиёрида қолдирилган.

Мазкур қарор 2021 йил 1 январга қадар амалда бўлади. Унгача айнан фаолият тури мос келадиган тадбиркорлар ўз ҳудудларидаги туман давлат солиқ инспекцияларига мурожаат қилиб ушбу имтиёзлардан фойдаланиш имконига эга бўлишлари мумкин.

Ҳ.ФОЗИЛОВ,

Жиззах вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.