18 +  RSS  E-mail
12:42, 11 02 2019

Саратон хасталиги ва унинг давоси ҳақида


Волидаи муҳтарамам Танзила бинтининг пойларидан, (товонларидан) ўлим яраси ўса бошлади. (Рак хасталиги назарда тутилган Г.Х.). Бу яра кундан-кунга ўса бошлади. Онам ўзларининг ҳолларини билгач, талвасага тушиб қолган эдилар. Камина ҳам онаизоримнинг вафотлари яқин эканлигини ҳис қилганим сари Аллоҳдан шу заифага умр тилардим.

Тўққизинчи куни онамнинг яралари анча йириклашди. Мен пешин намозини ўқиганимдан кейин, Хизр Алайҳиссаломдан сабоқ олишга Жайхун кунарасига бордим. Камина ҳар тўққиз кунда у зоти олий билан ҳамсуҳбат бўлардим. Берган сабоқларини китобат қилардим. Бу рўз ул зот каминанинг хафаҳоллигимни кўриб, ердин қумлоқни солари билан қозиб, еттита тухумни қўлимга тутдилар-да: «Буни волидангни пойига суртгин», -дедилар. Камина ул кишининг айтганларин бажо келтирдим. Волидамнинг оёқларини тиззларигача бу тухумни суртдим. Сўнг онам бутун аъзоларидан тер ва зардобдек ҳид чиқардилар, аъзолари юмшоқ бўлиб қолган эди.

Тананинг юмшоқлигини ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмасди. Қўлга момиқдек мулойим туйилди. Мен онам мумдек эриб, оламдан ўтмоқда деб ўйлардим. Яна устозим кўз олдимда гавдаланди. “Волиданг бир неча сония ором олишлари керак”, — дедилар. Шундан сўнг 10-15 дақиқадан кейин волидам акса урдилар.

Вале, ул заифанинг оёқларини кўришга қўрқиб турардим. Волидам неча дақиқалардан сўнг “Ўғлим, бизга Яратганнинг раҳми келсин, дард бергувчи ҳам ўзи, олгувчи ҳам ўзлари, дард берган Мавлом давосини ҳам беради, сиз ҳеч қўрқмасдан боғлаган малҳамингизни ечиб кўринг”, — дедилар. Шундан сўнг камина боғлаган малҳамимни ечиб кўрдим.

Волидамнинг оёқларидаги яранинг бир саночича қолган эди. Бу Аллоҳнинг иродаси, дард берган Эгамнинг берган давоси эди.

Волидам ўринларидан туришга ошиқардилар, камина эрса, онаизоримни ўринларидан туришга ҳоллари йўқлигини била туриб, рухсат беролмадим. Вале, волидам каминанинг рухсатини ҳурмат этар эдилар. Баъад волидам, жуда сермулоҳаза бўлиб, оқила аёл бўлганликларидан ҳам улус олдида катта ҳурматга эга эди. Танзила бону бетоб деб Балхдан ҳам дўстлари аҳволлашур эрди.

Волидамнинг оёқларига иккинчи тухумни ҳам эрта тонгдан боғладим. Энди волидам ҳеч қандай оғриқ сезмаётганлигини тез-тез такрорлардилар. Камина бу муолажани уч кун давом эттирдим. Волидамнинг оёқларида дарддан асар ҳам қолмади. Дарддан батамом форуғ бўлдилар.

Волидаи муҳтарамам бирла маслаҳат қилиб бу тухумнинг ниманинг тухуми эканлигини ва бу тухумда Аллоҳнинг яна қанча мўъжизалари борлигини ўрганмоқчи бўлдим. Жайхун кунараси бўйлаб қадим кечувгача аёв қум кечиб юра бошладим. Устозим мен бирла сайр қилар ва мени ёлғиз учратиб қолсалар «Қутуб»лар олдига олиб борардилар. Аллоҳнинг етти мўъжизасидек, мен ҳам етти қутуб билан суҳбатлашар эрдим.

Бу «Қутуб»лар, «Абдол»лар, «Ниқоб»лар ҳар «Қирқ» кунда тўпланишар, каминага уларнинг даражаларига етмоқлик учун Аллоҳ олдида ҳали беминнат хизмат қилмоғи лозим эди.

Волидамни Аллоҳ изни билан шифо топишларига кўмаклашганимдан сўнг, яна Жайхун кунараси бўйлаб келаётганимда «Қутуб»лар пешвоси Ҳазрати Хужайи Хизр алайҳиссалом тонг гумбазидан келаётган эдилар. Биз жуда кўп нарсалар ҳақида суҳбатлашдик. Ул муборак зот волидамнинг аҳволларини сўрадилар. “Аллоҳга шукур ва ҳамду санолар бўлсин волидаи муҳтарамам ўз оёқлари билан юраяптилар”, — дедим, «Ҳар бир ишингиздан Аллоҳ рози бўлсин», дедилар.

Шундан сўнг камина ўшал тухумнинг ниманинг тухуми эканлигини сўрашга ботинолмай турган эдим. Устознинг ўзлари: «Бу тошбақанинг тухуми, у ҳар қандай ўсимтани даф қилади», дедилар.

Бу тухум саратоннинг қандай турларини даф қилиши мумкин, деган фикрда турганимда, яна устоз: «Бу тухум саратоннинг ҳар қандай турида ҳам фойда беради, вале саратон эрканлигини аниқламоқ даркор. Саратон (ўлим яраси) ҳар қандай бетобликдан сўнг ҳам пайдо бўлиши мумкин. Буни кўпчилик бедаво дард деб келмоқдалар. Вале Аллоҳ таоло дард берибдими, унинг давосини ҳам беради», дедилар.

Саратоннинг ҳар қандай турларида мен муолажани тажриба қилиб кўрдим. Жуда оғир ҳолатларида, истеъмол ҳам қилдирдим. Вале сурункали буйрак касалликларининг (ҳозирги фанда плиневрит — Г.Ҳ.) ўн бир-ўн икки турида мен шу муолажадан фойдаландим.

1. Буйрак халтачасининг яраланиши (яллиғланиши бўлса керак Г.Ҳ.). Бу бетобликда тошбақа тухуми белнинг буйрак соҳасига уқалаб (массаж қилиб) сўнг суртилади.

2. Буйрак безларининг яллиғланишида, агар тошбақанинг тухуми топилмаса, унинг ўзини сўйиб, тошчалари майдаланиб, шўрва қилиб қайнатилади, вале олти-етти соат қайнатилмоғи лозим бўлади. Шундан сўнг силта ҳолатига келгандан кейин, тузсиз пиширилган тошчалар бел соҳасига боғланади, бу саратон бўлиб кетмаслигини олдини олади.

Билакс тухумдек фойда қилолмайди, таъби тортса, ўлимдан қолмоқ истаса Аллоҳга таваккал қилиб, шифо учун истеъмол қилса, яхши фойда беради, вале тузсиз истеъмол қилсин.

3. Буйрак қотиб қолган ёки қуриган деб тахмин қилинса, тошбақанинг тухумини обдон суртиш керак, бир неча соатдан сўнг яна тузсиз шўрвадан ичириб ва яна тухумдан суртиш керак бўлади, бу Ипак йўлидан ўтаётган бир гуржистонлик савдогарга шу муолажани қилган эдик, ўн бир кундин сўнг ўз юртига карвон билан кетди.

Буйрак хасталикларининг ўн бир-ўн турида ҳам мен тошбақанинг гўшти, тоши, тухумидан фойдаландим.

Вале барчасини Аллоҳ билгувчидир.

Тайёрловчи: Гулсум ХЎЖАМШУКУРОВА.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг “Шарҳи илми ат-тиб ал-Ҳакимия” китоби асосида

Фото: med-kvota.ru


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.