18 +  RSS  E-mail
9:55, 04 02 2019

Сингапур компанияси Касбида тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқаради


Жорий йил охирига қадар Касби туманида «Indorama-agro» хорижий корхонаси томонидан текстил фабрикаси фаолияти йўлга қўйилиши кўзда тутилган. Умумий қиймати 35 миллион АҚШ долларига баҳоланган ушбу истиқболли лойиҳа доирасида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этилади. Ушбу ташаббус тўлиқ чет эл сармояси ҳисобидан рўёбга чиқарилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали — regulation.gov.uz да эълон қилинган «2019-2020-йилларда Қашқадарё вилояти Касби туманининг саноат салоҳиятини ошириш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида шу ҳақда сўз боради.

Бу ҳужжатга асосан Касби туманида саноатни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларнинг манзилли рўйхати тасдиқланиши белгиланган. Бу рўйхатдан эса 64 та саноат йўналишидаги лойиҳа ўрин олган. Уларни амалга ошириш учун жами 394 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Шунинг 44 миллион АҚШ долларини хорижий инвестициялар ташкил этиши кутилаяпти.

Сингапурнинг текстил саноатидаги йирик компанияси таъсисчилигида фаолият бошлаган «Indorama-agro» хорижий корхонаси илгари сурган ташаббус, шубҳасиз, энг йиригидир. Лойиҳа ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилса, 70 кишининг бандлиги таъминланади.

Бошқа бир енгил саноат корхонаси — «Big region» масъулияти чекланган жамияти Касби туманида трикотаж ва жинси маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишга доир бизнес-режани таклиф этган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, шу пайтгача Касби туманида пахта толасини чуқур қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик корхона мавжуд бўлмаган. Эътиборлиси, ҳудудда ҳар йили катта миқдорда тармоқ барқарор ишлаши учун зарур қимматли хом ашё етиштирилади.

М.ШУҲРАТОВ.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.