18 +  RSS  E-mail
15:19, 08 01 2019

Яхшилик қилгани учун 14000 долларлик бриллиант соатни ҳадя этди


Байрам арафаси эди. “Ўрикзор” бозоридаги бир акамизнинг дўконида ишлар эдим. Танишим менга тўла ишонгани учун дўконнинг ҳисоб-китобидан тортиб, буюртма молларгача топшириб қўйган эди.

Ёнимдаги дўконда савдо қилувчи акахон бир куни олдимга кириб, ҳол-аҳвол сўрагандан сўнг байрам олди яхши кетади деб Туркиядан катта партияда мандарин буюртма қилганини, божхона харажатлари учун 2 миллион пул етмаётганлигини, имкон бўлса, ёрдам беришимни айтиб қолди.

— Ака, биласиз, дўкон ўзимники эмас, кассага топшираман, бир ҳисоб-китоб қилиб, сизга эртага хабарини бераман, — дедим.

Эртаси куни ҳисоб-китоб қилиб, учинчи дўкондор гувоҳлигида 2 миллион сўмни унга бердим. У ҳам хурсанд, молларини олиб чиқиб савдога тушди. Орадан 2-3 кун ўтиб, у киши бозорга келмай қўйди, биринчи куни эътибор бермадим, эртаси куни ҳам, аҳамият бермасликка ҳаракат қилдим, учинчи куни гувоҳ бўлган дўкондорга:

— Ака, вақтингиз бўлса уйларига ўтиб келайлик, — деб илтимос қилдим. У кишининг юраги ёмонлигини, ёлғиз яшашини билардим. Уйига бориб, эшикни тақиллатдик. Эшик очиқ, лекин ичкаридан занжир илинган, уйда одам борлиги билиниб турарди. Ҳалиги гувоҳ акамиз билан ташқарига чиқиб, маҳалла раисини, посбонни, участка нозирини чақириб келдик. Эшикнинг зулфини бузиб, ичкарига кирсак, ака ҳушсиз ётар, нафас олмасди.

Қўлдан келганча, расм-русумларини қилиб, ювиб-кафанлаб, дафн этдик.

Орадан 2 кун ўтиб ҳалиги гувоҳ дўкондор ака олдимга кириб “энди нима бўлади” деди. Гапидан пичинг, ҳам киноя, хавотир сезилиб турарди.

Сир бой бермасликка ҳаракат қиляпман-у, лекин ичимдан ўтганини ўзим биламан. Ҳар ҳолда дўкон ўзимники бўлмаса ҳам, тўйга деб йиғиб қўйган пулларим бор эди. Ойнинг охиридаги ҳисоб-китобга ўша пулни қўшиб, бу йил бўлмаса кейинги йил уйланишни режа қилиб, ўзимни шунга тайёрлай бошладим.

Орадан 1 ҳафта ўтди, дўкончилар билан суҳбатлашиб турган эдик, эшигимиз ёнига яп-янги “Лаcетти” келиб тўхтади (у пайтлар “Лаcетти” энди чиққан, кўча-кўйда онда-сонда кўриниб турар эди). Ичидан башанг кийинган, рўмолларини кенг қилиб ўраган аёл тушиб:

— Дониёр деган боланинг дўкони қайси? — деб сўради.

Гувоҳ бўлган дўкончи ака мени кўрсатган эди, аёл машинанинг багажидан бир сумка пулни олиб, дўконимга кирди.

— Ука, мен Аҳмад акангизнинг аёли бўламан. Ўзим Туркияда яшайман. Аҳмад акангизга молни мен чиқариб турардим. Божхона харажатлари учун сиздан пул олганларини айтгандилар. Уйдаги дафтарда ҳам ёзилган экан. Ҳали сизга пулни қайтармабдилар. Мана ўша 2 миллион сўм — деб аёл пулни қўлимга тутқазди.

— Мана бу Аҳмад акангизнинг соати, доим тақиб юрар эди, шу соатни сизга ҳадя қилсам, — деб дўкондан чиқиб кетди.

Ёнимдаги дўкончи ака ҳайрон. Бир чиқиб кетган аёлга, бир менга, бир қўлимдаги соатга қарайди.

2 кунлардан кейин ўша акамиз билан ЦУМга бордик. Айланиб юриб, соатни ўша ердаги соат сотадиганларга кўрсатдик. Бриллиант соат экан, агар сотмоқчи бўлсак, ҳозирнинг ўзида 14000 доллар беришларини айтишди.

Кейинчалик, айрим дўкончилар “пулни бекор мен бермаган эканман” деб афсусланиб қолишганини эшитдим.

Обиджон Иброҳимжон ўғли

“Соғинч соҳили”дан

Фото: creativenails.ru


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.