18 +  RSS  E-mail
12:18, 05 01 2019

Фотима ва Шоҳсанамга «Спарк» топширилди


Маълумки, жорий йил 6-13 октябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган III Параосиё ўйинлари мамлакатимиз спортчиларининг улкан муваффақияти билан эсда қолганди. Ушбу йирик мусобақада энг кўп медал сузиш спорт тури бўйича жамғарилгани аҳамиятли. Уларни қўлга киритишда Қашқадарё вилояти вакиллари ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатишганди. Ўшанда моҳир сузувчиларимиз жами  10 та олтин, 6 та кумуш, 3 та бронза медалга эга чиқишган.

Албатта, бу натижаларга эришишда юртимизда соҳа ривожига қаратилаётган эътибор ҳам муҳим ўрин тутди. Хусусан, вилоятимиз марказида замонавий талаблар асосида қад ростлаган йирик сув спорти мажмуаси сузиш ихлосмандлари учун янада кенг қулайлик тақдим этди.  Президентимиз  Қашқадарёга ташрифи давомида мазкур мажмуа билан яқиндан танишган, бир гуруҳ спортчи ёшлар билан суҳбатлашган, спортнинг бу турида мамлакатимиз донғини дунёга таратаётган иқтидорли спортчиларни муносиб рағбатлантириш лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Қарши шаҳридаги  мазкур маҳобатли спорт иншоотида вилоят ҳокимлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ҳамда вилоят сузиш спорти федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган тадбир ҳам халқаро турнирларда ғолибликни қўлга киритган ёшлар — Параосиё ўйинлари рекордчи ва чемпионлари Шоҳсанам Тошпўлатова ва Фотима Амиловани тақдирлашга бағишланди. Унга кенг жамоатчилик вакиллари, спортчиларнинг яқинлари, спортсевар ўғил-қизлар таклиф этилди.

Мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиб берилгани ютуқлар салмоғи ошишига, иқтидорли ўғил-қизлар ўзини намоён қилишига имкон бераётгани таъкидланди. Мисол тариқасида, охирги йилларда ушбу икки спортчимиз — Шоҳсанам ва Фотима қайд этган оламшумул ютуқлар эътироф қилинди.

Уларга Президент совғаси — «Спарк» автомобиллари топширилди.

Тадбир концерт дастури, ундаги воҳамиз эстрада хонандалари чиқишлари билан янада шукуҳли ўтди.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.